Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳожатхона излаб, трансформаторга кириб қолган” – Мингбулоқда ток урган бола қўлларидан айрилди
Наманганда 4 ёшли бола очиқ қолдирилган юқори кучланишли трансформатор пунктига кириб, икки қўлидан айрилди. Боланинг отаси бахтсиз ҳодисага алоқадор бўлган Мингбулоқ тумани электр таъминоти корхонаси жавобгарликни бўйнига олмаётганини айтмоқда. Kun.uz’нинг аниқлашича, масъул уста жиноий жазога тортилган.
Жамашуйдаги бахтсиз ҳодиса
Мингбулоқ тумани Меҳнатобод маҳалласида яшовчи 4 ёшли Жамшидбек Холматов очиқ қолдирилган юқори кучланишли трансформатор пунктига кириб қолиши оқибатида ток уриб, қўлларидан айрилди. Ҳолат 2025 йил 11 ноябр куни Жамашуй шаҳарчасида содир бўлган.
“Айбдорлар ёрдам бермади”
Kun.uz мухбири боланинг отаси Жуманазар Холматов билан боғланди. Унинг айтишича, айбдорлар унга ёрдам бермаган.
“2022 йилда туғилган ўғлим эшиги очиқ қолдирилган юқори кучланишли ТПга билмай кириб қолиб, токни ушлаб олган.
Боламни у ердан кўтариб олиб чиқиб, қишлоқдаги касалхонага олиб бордим. Ундан кейин шаҳардаги шифохоналарга қаратдик. Қўлини кўрамиз, мутахассисларни чақирамиз, дейишди. Яна 4-5 кун кутдик. Операция қилиб кўрдик, юқори кучланиш ток пайигача узиб ташлаган экан. Кейин ноилож ўғлим икки қўлидан айрилди.
Айбдорлар қонуний жазога тортилишини талаб қиламан. Ёрдам бермагани учун бор ҳолатни ижтимоий тармоқларга чиқаришга мажбур бўлдим”, дейди Жуманазар Холматов.
“Барча ёрдамни кўрсатдик”
Kun.uz ҳолат юзасидан Мингбулоқ тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи Бобур Ғуломқодиров билан ҳам боғланди. Унинг таъкидлашича, бола ҳожатхона излаб ТП ичига кирган:
“Машина ичида отаси билан ўтирган боланинг ҳожатга чиққиси келиб қолган. Ҳожатхона топа олмай, эшиги очиқ қолдирилган ТП эшигини очиб, ичига кирганида уни ток урган. Бу пайтда боланинг отаси машинада бўлган.
Одатда юқори кучланишли трансформаторларнинг барчасида қулфлари бўлади. Лекин баъзида свет ўчиб қолади, бошқа бўлади. Уларга бир марталик, бир хил типдаги қулфлар қўйилади. Ўша қулфларни кимлардир ўзбошимчалик билан очиб, очиқ ҳолатда ташлаб кетган бўлган.
Боланинг дорисига, рўзғорига ёрдам қилдик. Ҳозирги кунгача туман электр тармоқлари корхонасининг ўзидан 60 млн сўм ёрдам қилинди. Ҳокимият ҳам 50 млн сўм ёрдам қилди”, дейди у.
Уста жиноий жазога тортилган
Kun.uz’нинг аниқлик киритишича, ҳолат юзасидан Мингбулоқ тумани прокуратураси, вилоят Энерго-инспекцияси ва Меҳнат бошқармаси мутахассислари томонидан суриштирув ҳаракатлари ўтказилган. Якунга кўра, уста И.С.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Суд ҳукми билан унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ундирган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Шунингдек, у лавозимидан озод қилинган.
Бу биринчиси эмас
Трансформатор пунктларида болаларни ток уриш ҳолатлари учраб туради. Масалан, бундан 3 йил аввал Навоийда худди шундай ҳолат содир бўлганди. Ўшанда 6 ёшли болакай болалар майдончасига ёнма-ён жойлаштирилган, хавфсизлиги таъминланмаган трансформатор эшигини очиб кўриши оқибатида ток уриб, икки қўлидан айрилганди.
Яқинда Фарғона шаҳридаги 66-сон давлат боғчасида кузатилган ҳолатда эса 6 ёшли тарбияланувчи трансформатор пунктига йиқилиб, ток уриши оқибатида тана аъзолари куйиб кетганди.
Мавзуга оид
09:12 / 20.04.2026
АҚШда саккиз нафар бола отиб ўлдирилди
14:08 / 08.01.2026
3 ёшга тўлмаган боласи бор оналар учун иш вақти қисқартирилади
13:02 / 31.10.2025
Мактаб сумкасининг оғир бўлиши бола соғлигига қандай таъсир қилади?
19:54 / 18.10.2025