Ўзбекистон | 10:30 / 10.11.2019
49174
10 дақиқада ўқилади

Сенатор: биргина мигрантлар омилининг ўзи ЕОИИга киришга икки қўлни кўтариб тарафдор бўлишга етарли

Бугунги кунда Ўзбекистонда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу - мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига кириш-кирмаслиги масаласи бўлмоқда. Олий Мажлис Сенати қўмита раиси ўринбосари Одилжон Иминов билан суҳбатимиз ҳам асосан шу мавзуда бўлди.

– Одилжон Каримович, мавзу бўйича фикрингизни билишдан олдин бир савол бермоқчиман: ҳозирги кунда бу борада жуда кучли баҳс-мунозаралар кетмоқда, уларни кузатиб боряпсизми? Одамларнинг фаоллигини қандай баҳолайсиз?

– Албатта кузатиб боряпман ва хурсанд бўляпман. Бир тарафдан юртдошларимизнинг давлатимиздаги иқтисодий жараёнларга бефарқ эмаслигига, иккинчи томондан айни шу мавзу халқимиз эътиборига тушганига ва атрофлича таҳлил қилинаётганига. Демак, бу масала барчанинг диққатини ўзига торта олди. Аммо ҳар қандай муҳокамалар реал фактларга асосланса, мазмунли бўлади.

Кўпчилик бу иттифоққа кириш масаласи Россиянинг Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко келганидан кейин кўрила бошланди, деб ўйлайди. Аслида, мутлақо ундай эмас. Бу масала деярли уч йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Сабаби, жуда маъноли мақолимиз бор – бирлашган ўзар. Дунёда турли-туман иттифоқлар бор. Масалан, АҚШ, Канада ва Мексика каби давлатларни ўзида жамлаган NAFTA ташкилоти эркин савдоларга имконият беради. Ёки Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР каби давлатлар қўшилган БРИКС иттифоқидаги мамлакатлар ҳатто бир-бирига қўшни ҳам эмас. Давлатлар иқтисодиёти юксак даражада интеграциялашган, ҳатто ягона пул бирлигига эга Европа Иттифоқи бу борада энг катта ва энг намунали мисол бўлади.

– Бу масала деярли уч йилдан буён муҳокама қилинмоқда, дедингиз. Демак, жараённи Шавкат Мирзиёев президентликка сайланиши билан боғлаш мумкинми?

– Давлатимиз раҳбари ўзининг илк сафарларини яқин қўшни давлатларга уюштирганини яхши биласиз. Одатда янги сайланган президентлар ўз сафарларини йирик ва ривожланган давлатлардан бошлашади. Аммо президентимиз яқин қўшнилардан бошлади ва бунда чуқур маъно бор. Эътибор берган бўлсангиз, маърузаларидан бирида ҳатто «ўз қўшниларимиз билан яхши муносабат ўрната олмасак, узоқ давлатлар бизга қандай ишонсин?» деган мазмундаги сўзлар ҳам бор эди.

Режадагидек, барча қўшниларимиз билан муносабатлар изига туширилди, шу билан бир пайтда, иқтисодий жиҳатдан катта боғлиқлик бўлган давлатлар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик кучайтирилди. Бу иттифоққа эътибор қаратиш ва кириш имкониятларини ўрганишни ўша жараёнларнинг мантиқий давоми деб қарашимиз мумкин.

– Энди бевосита мавзуга келсак, аввало масаланинг сиёсий жиҳатини таҳлил қилиб олайлик. Гарчи бу иттифоқ номи иқтисодий бўлса-да, ҳар қандай иқтисодий жараён сиёсатдан айри тарзда кечмайди.

– Албатта, бу фикрда жон бор. Аммо иқтисод шундай нарсаки, давлатлар бир-бирига чамбарчас боғланиб кетади. Ҳатто ибтидоий жамоа тузумида ҳам оддий товар айирбошлаш бўлган – кимдадир икки қоп буғдой, яна бир кишининг иккита тошдан ясалган болтаси бўлган. Бирида битта болта, иккинчисида бир қоп буғдой ортиқча. Табиийки, улар айирбошлашган. Энди давлатлар ўртасидаги иқтисодий жараёнларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим. Биз сиёсий мақсадлар ҳақида фикр юритганда ўзимизни мисол қилиб олишимиз мумкин. Ўзимиз иқтисодиётни четга суриб, сиёсатни илгари суришимиз мантиқсизлик бўлгани каби, бошқалар ҳам бундай қилиши мантиққа тўғри келмайди.

 – Биламизки, сиз Олий Мажлис Сенатида мунтазам асосда иш олиб борасиз. Энди бевосита рақамларга юзлансак – ЕОИИга кириш Ўзбекистон иқтисодига нима беради?

– Шахсан мен фақат мигрантлар масаласи учун ҳам бу иттифоққа кириш учун икки қўлимни кўтариб овоз берардим. Эътибор қилинг, 2,5 млн нафардан ортиқ мигрантларимиз айнан ЕОИИ давлатларида меҳнат қилишмоқда. Уларнинг ҳар бири турли тўловлар учун чет давлатлар ҳисобига йилига 1700 долларгача сарфлашади. ЕОИИга кирган бошқа қўшни давлатлар учун бу тўловлар йўқ. Оддий хомчўтларда ҳам бу 4 млрд доллар атрофида маблағ бўлади. Ана шу пул бизнинг давлатимизга кириб келадими? Қайсидир оиланинг қозони қайнашига сабаб бўладими? Ахир бу пуллар бизнинг юртдошларимиз ишлаб топган пуллар-ку!? Солиштириш учун айтаман, сўнгги бир йилда раҳбариятимизнинг шунча саъй-ҳаракатлари билан молиявий инвестициялар ҳажми 3,5 млрд АҚШ долларини ташкил қилган.

Яна бир рақам – бизнинг 70 фоиз ташқи савдомиз мана шу иттифоққа аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Албатта, ҳозирча прогноз қилишга эртадир, лекин бу иттифоққа аъзо бўлсак, ташқи савдо 80 фоизгача ўсиши мумкин.

Энергетика соҳасини олайлик. Бу давлатлар газ қазиб олишда етакчилардан бўлса, қайта ишлашда биринчилардан ҳисобланади. Бу борадаги ҳамкорликлар яхши натижа беради. Ягона электр таъминоти тизими орқали қанча маблағ иқтисод қилишимиз мумкин. Чунки ҳануз электр энергиясининг 80-85 фоизини газ орқали оламиз, у давлатларда қайта тикланувчи энергия ҳажми юқори.

Туризмга алоҳида тўхталиш лозим. Халқаро туристларнинг 60-70 фоизи шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Айримлар уларнинг ўз қариндошларини кўришга келишаётганини айтишади. Нима мақсадда келса ҳам мамлакатимиз ҳудудидаги қатор хизматлардан фойдаланишади-ку, харидлар қилишади-ку? Агар биз аъзо бўлиб, бюрократик тўсиқларни бартараф қилсак, ўша давлатлар сайёҳлик фирмаларига бизда, бизникиларга улар ҳудудида ишлаш имкониятини яратиб берсак, сайёҳлар оқими янада ошади.

Фан-таълим, маданият, спорт йўналишларида ҳам қатор имкониятлар бор. Дипломларнинг ўзаро тан олиниши алоҳида муҳим масала. Нострификация комиссиясининг ишлаш жараёнида, масалан Ломоносов номли Москва давлат университетини битириб келганлар нострификациядан ўтишганида, имтиҳон топширувчилар билан олувчилар ўртасидаги фарқни кўрсангиз эди...

– Бу мавзу муҳимлигини шундан ҳам сезишимиз мумкинки, АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиш истаги Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини мураккаблаштиришини билдирди. Бунга жавобан Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев юқоридаги фикрга қарши чиқди.

– Аввало, бир нарсани унутмаслик лозим – Ўзбекистон суверен давлат ва бизнинг ички ишларимизга аралашиш халқаро ҳуқуқ нормаларига умуман тўғри келмайди. Ўзбекистон қайсидир ташкилотга аъзо бўлиш-бўлмаслик масаласини ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ўзи ҳал қилади ва бу борада босимларни қабул қилмайди. Энг муҳими, давлатимиз раҳбари кимнингдир таъсирига тушиб қоладиган, босимлар таъсирида қарор қабул қиладиган инсон эмас, ўз фикрига эга лидер.

Энди Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга келсак, бу масала битта давлатга боғланиб қолмаган. Юздан ортиқ давлатларнинг ўзаро хулосаларига кўра бирор давлатнинг аъзо бўлиш масаласи юзасидан қарор қабул қилинади.

– Сиз Сенатда аграр соҳада ҳам фаолият юритасиз. Бу иттифоққа аъзо бўлиш ортидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини ҳозирги 1,5-2 млрд доллардан бир неча йил ичида 10 млрд долларгача етказишни режалаштираётгани ҳақида фикрлар мавжуд. Мамлакатимиз бундай имкониятга эгами, катта ҳажмларга тайёрми?

– Мен сизга ёшлигимдаги бир ҳолатни айтиб бераман. Болалигимда биз «загатконтора» деб атайдиган тайёрлов идораси бўларди. Ўша идора февраль ойидаёқ бизга ёғоч яшикларни санаб ташлаб кетарди. Биз помидорнинг хомагини (хомлигича узилганини) териб, ўша идорага топширардик ва пулини нақд санаб олардик. Ҳовлимизда сигир юриб ўтиши учун бир йўлак қолдирилганди. Онам менга «шу йўлак ўрнига икки пушта помидор эксанг, шундан олинган ҳосилга мактабинг учун бошдан-оёқ кийиминг ва дафтар-қаламинг бўлади» деб ҳисоблаб берганди. Бу энди қишлоқдаги оддий аёлнинг оддий ҳисоб-китоби. Биз ана шу бозоримизнинг кўп қисмини йўқотдик. Ҳолбуки «ўзбек мева-сабзавоти» дегани ўзи бренд!

Айримлар «маҳсулотларимиз экспортга кетаётгани туфайли ўз бозорларимиздаги нарх-наво ошиб кетяпти» дея нолиб қолганларини эшитаман. Ахир, экспорт ҳажми ошса, ўша қишлоқлардаги қўллари қадоқ деҳқоннинг бири икки бўляпти дегани эмасми?! Биз бундай қараш билан аграр соҳамизни ривожлантира олмаймиз. Нархларни экспортни чеклаш эвазига эмас, ҳосилдорликни, ана шу маҳсулотлар ҳажмини ошириш, қолаверса инновацияларни жорий этиб, таннархни тушириш орқали пасайтиришга ҳаракат қилиш керак.

Бизда фойдаланилмаётган имкониятлар жуда кўп. Томорқалар бўйича қатор тадбирлар ўтказилаётгани бежиз эмас. Ҳаммасининг мақсади - ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш. Агар биз қишлоқлардаги ҳамюртларимизга ана шу тизимни ташкиллаштириб бера олсак, яъни улар ўз маҳсулотларига бўлган юқори талабни ҳис қилсалар, ерга муносабат ҳам бутунлай бошқача бўлади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
                                                                                                                                             Суҳбатдош Аброр Зоҳидов, тасвирчи Асад Алланазаров

Мавзуга оид