Жамият | 15:49 / 13.11.2019
19085
3 дақиқада ўқилади

«Бир миллион дастурчи»: узоқ кутилган йирик лойиҳанинг тафсилотлари маълум бўлди

Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида One Million Uzbek Coders («Бир миллион дастурчи») лойиҳаси ишга туширилади. Маросимда иштирок этадиган меҳмонлар орасида Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳамда мамлакатдаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари бор.

Лойиҳа махсус онлайн портал орқали аҳолига масофавий таълим олиш имкониятини беради. Барча лойиҳа ишга туширилгандан сўнг иштирок этиш учун ариза топшириши мумкин. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад - рақамли технологиялар йўналишида мутахассислар авлодини тайёрлаш, дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни беришдир.

Биринчи босқичда лойиҳа глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган тўртта мутахассисликни ўз ичига олади: маълумотларни таҳлил қилиш, Android - ишлаб чиқиш, FrontEnd - ишлаб чиқиш ва FullStack - ишлаб чиқиш. Умумий курс 120 соатлик таълим учун мўлжалланган. Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лаборатория ишларини тайёрлашади ҳамда уларга махсус сертификатлар тақдим этилади.

Курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар грантлар учун рақобатлаша олишади ва Udacity платформасидаги 100дан ортиқ Nanodegree дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириш ва энг юқори балл тўплаган 150та талаба рўйхатига кириш керак. Nanodegree дипломлари Google, AT&T, Autodesk, Salesforce ва бошқа кўплаб IT гигантлари томонидан тан олинади.

Биринчи маротаба дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликларида One Million Arab Coders номи билан старт олган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг март ойида Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида бир қатор соҳаларда, шу жумладан, ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувларига эришилди. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиб, концепция адаптацияси режасини ишлаб чиқди ва One Million Uzbek Coders деб номланган лойиҳани йўлга қўйди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Dubay Future Foundation жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид