12:17 / 06.12.2021
6836

Ўзбекистонлик дастурчилар яратган таълим платформаси мукофот жамғармаси 500 минг долларлик халқаро танлов финалига чиқди

Mohirdev онлайн таълим платформаси мукофот жамғармаси 500 минг долларлик халқаро Seedstars танловининг финал босқичига чиқди. Бу ҳақда платформа асосчилари Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Seedstars

Ўзбекистонлик дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган Mohirdev онлайн таълим платформасида дастурлаш, сунъий интеллект ва АТга оид йўналишларда таълим берилади. Платформада ҳозирда 12 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.

Мукофот жамғармаси $500.000 бўлган халқаро стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватловчи Seedstars’нинг бу йилги танловида 4500дан ортиқ стартап лойиҳа қатнашди. Булар орасида энг яхши 30 лойиҳа финал босқичига йўл олди. 13-17 декабрда бўлиб ўтадиган финал босқичида «Quality Education- FT x SDG Challenge» йўналишида Mohirdev онлайн таълим платформаси ҳам ғолиблик учун курашади.

Seedstars – ривожланаётган мамлакатлардаги халқаро стартаплар танлови.

Платформа Seedstars venchur фонди кўмагида 2012 йили Швейцариянинг Женева шаҳрида ташкил этилган. Танлов ҳар йили турли соҳаларда битта ғолибни аниқлайди.

Бундан ташқари, платформа яқинда бўлиб ўтган очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда технологик ечимларни ишлаб чиқиш бўйича йиллик танлов – «Open Data Challenge» ҳакатонида ғолиб бўлди.

Top