12 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хоразмда журналист Давлатназар Рўзметовнинг фожиали ҳалок бўлиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар мутасаддилари иштирокида ўтказилган тадбирда дастлабки тергов-суриштирув хулосалари асосида батафсил маълумот берилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган АОКА директори Комил Алламжонов агентлик Давлатназар Рўзметов билан аслида нима рўй бергани юзасидан ўрганишлар ўтказгани, мутасаддиларни таклиф қилиб вазиятга ойдинлик киритишга қарор қилгани ҳақида гапирди.

Шундан сўнг тадбирга таклиф этилган мутасаддилар ўз маълумотларини тақдим этишди.

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Пўлатов ўша кунги воқеалар хронологиясини келтирди.

Аҳмаджон Пўлатов

«2019 йилнинг 6 ноябрь куни тахминан соат 23:00-23:30 оралиғида фуқаро Сафаров ўз бошқарувида бўлган «ГАЗель» автомобилида Урганч-Хива йўлида ҳаракатланиб кетаётган вақтда 1971 йилда туғилган пиёда Давлатназар Рўзметовни уриб юборган. Олинган тан жароҳатлари оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 266-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Сизга тушунарли бўлиши учун жиноят иши материалларидан слайд тайёрлаганмиз. Ҳодисани тиклаш учун пиёда Рўзметов ЙТҲ содир бўлган жойга қандай бориб қолганини хронологик тарзда аниқлаштирдик.

6 ноябрь куни соат 17:23да марҳум Рўзметов ўзининг таниши, адвокат Умид Давлетов билан бирга овқатланиш мақсадида Урганч шаҳрида жойлашган «Ягона» кафесига кириб келишган. Бу ҳолат кафедаги кузатув камералари томонидан қайд этилган.

Соат 21:52да Рўзметовнинг дўсти Ғайрат Бобожонов ҳам ушбу даврага келиб қўшилган.