Ўзбекистон | 20:00 / 13.11.2019
3457
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Хорижий инвесторлар кенгаши тузилмоқда — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида хорижий инвесторлар кенгашини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор Ўзбекистондаги инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларига ва бошқа муҳим соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш, илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда сифатли инвестиция жараёнларини ташкил этиш мақсадида қабул қилинмоқда.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши тузилмоқда.

Кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • илғор жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар бериш;
  • қулай инвестиция муҳитини шакллантиришда, маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорларни иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ҳудудларга рақобатбардош экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналарни ташкил этиш мақсадида сармоя киритишларини рағбатлантиришнинг самарали механизмларини шакллантиришда бевосита иштирок этиш, шунингдек, инвестицияларни, энг аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга ва ўзаро манфаатли савдони ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий компаниялар, банклар, инвестиция ва бошқа тузилмалар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини таъминлаш;
  • инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторларнинг, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг фаоллигига тўсқинлик қилувчи асосий омилларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, республикада қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини сақлаб туришни таъминлаш;
  • давлат органлари, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритувчи халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий компаниялар, банклар, инвестициявий ва бошқа тузилмаларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан инвестиция жараёнларига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга қаратилган самарали таклифларни ишлаб чиқиш;
  • экспортни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга, савдо инфратузилмасини, электрон тижорат тизимини изчил ривожлантиришга, маҳаллий товарлар ва хизматларни ташқи бозорларга олиб чиқиш учун қулай шароитлар яратишга, самарали транспорт йўлаклари, замонавий логистика занжирини шакллантиришга кўмаклашиш;
  • маҳсулот сифатини бошқаришнинг замонавий тизимларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқлигини таъминлашнинг босқичма-босқич чораларини кўриш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш жараёнларига ижобий хорижий тажрибани жорий этиш;
  • Ўзбекистон Республикасида инвестициявий фаолиятни тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро имижини, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича устувор йўналишларни аниқлаш ва самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланувчи Кенгаш таркиби Ўзбекистонда инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган хорижий компаниялар, банклар, инвестициявий ва бошқа тузилмалар, халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, шу жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, бошқа иштирокчилар орасидан белгиланган тартибда шакллантирилади.

Президент қарори билан Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон томони таркиби тасдиқланган.