Давлат раҳбари сўнгги йилларда инвесторлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар давлат сиёсати ва қонунчиликда ўз аксини топаётганини таъкидлади.

«Яқинда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиши эълон қилинди. Ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги Конституциявий қонун қабул қилиниши кутилмоқда. Буларнинг барчаси ғояларингиз амалиётда изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин далилидир», — деди президент.

Маълум қилинишича, ўтган даврда Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузуридаги ишчи гуруҳлар томонидан инвесторлар учун 50 дан ортиқ учрашув ва муҳокамалар ташкил этилди.

Уларда муқобил инвестиция жамғармалари, гаров қонунчилиги, масъулиятли бизнес юритиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, солиқ маъмурчилиги, ер ажратиш ва энергетика соҳаларидаги долзарб масалалар хорижий инвесторлар ҳамраислигида атрофлича кўриб чиқилди.