Жамият | 09:05 / 13.11.2019
7847
3 дақиқада ўқилади

«Тошшаҳартрансхизмат»: автобекатларда қолдирилган машиналар суратга олиниб, ЙҲХБга жўнатилади 

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

«Тошшаҳартрансхизмат» раҳбарияти барча енгил автомобиль эгаларига огоҳлантириш билан чиқди. 

Қайд этилишича, бундан буён оралиқ ва шоҳбекатларда қаровсиз қолдирилган ва автобуслар ҳаракатига халақит берган транспорт воситалари мутасаддилар томонидан суратга олиниб, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тақдим этилади.

Билдирилишича, кун сайин транспорт воситалари сони ортиб бораётгани йўлларда ҳаракатланишда қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўловчи учун ҳам ҳайдовчи учун ҳам манзилга ўз вақтида етиб бориш тобора катта муаммога айланмоқда.

Жамоат транспортининг эркин ҳаракатланишида нафақат йўлларда транспорт воситаларининг кўплиги, балки, енгил автомобилларнинг тўхташ мумкин бўлмаган жойларга қўйиб кетилиши автобуслар тирбандлигини келтириб чиқармоқда.

«Айниқса, оралиқ ва шоҳбекатлар ҳудудида уларнинг назоратсиз қолдирилиши автобусларнинг ҳаракатида жиддий муаммоларга сабаб бўляпти.

Хусусан, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тасарруфидаги йўналишлар бўйича «Тошкент универмаги» шоҳбекатига кирувчи автобус ҳайдовчилари анчадан буён ушбу муаммодан азият чекмоқда. 

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

Шоҳбекат ҳудуди йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан қанчалик назорат қилинмасин вазият кун сайин оғирлашиб бормоқда. Автобуслар шоҳбекатга киролмай вақт йўқотишига, оралиқ интервалларнинг узайиб кетишига олиб келяпти», - дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, жорий йил 12 ноябрь куни тахминан 14:00лар атрофида жамият ҳаракат хавфсизлиги бўлими ходимлари ушбу шоҳбекат ҳудудида енгил автомобилларнинг автобуслар ҳаракатига халақит бераётгани, муаммони бартараф этишга ёрдам беришларини сўраб йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилган. Инспекторлар қисқа муддатда бу ердаги сунъий тирбандликни тарқатишди. Аммо, орадан 10 дақиқа ўтмай яна «эски ҳаммом, эски тос» - шоҳбекат хусусий енгил автомобилларнинг турар жойига айланиб улгурган.

«Ҳурматли ҳайдовчилар! Жамоат транспорти ҳаракатига халал берманг. Зеро, унинг ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиши ҳар биримиз учун фойдалидир. Автобуснинг йўқотган бир дақиқаси йўловчиларнинг юзлаб дақиқаларини йўқотишига сабаб бўлиши мумкин», - дейилади «Тошшаҳартрансхизмат» хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид