Жамият | 22:22 / 14.11.2019
55826
11 дақиқада ўқилади

Муҳожирлар ҳасрати. Хусусий бандлик агентлиги орқали Латвияга ишга борганларнинг ҳикояси қанчалик ҳақиқат?

Kun.uz таҳририяти электрон почтасига Латвияга ишлаш учун кетган ўнлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, уларнинг барчаси Тошкент шаҳридаги «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖ томонидан шу йилнинг ёзида Рига шаҳрига ишга юборилган. Таъкидланишича, хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузилаётган вақтда ваъда қилинган яхши иш, етарли шароитга эга ётоқхона ва мўмай даромад уларни янада руҳлантириб, хорижга тезроқ кетиш истагини кучайтиради. Аммо мусофир юртга бориб, бир ойча ишлашгач, барча ўйлаганлари пучлигига амин бўлишади.

«Сарсон юрганимиз алам қиляпти»

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида яшовчи 32 ёшли И.Маъмуров 2007 йилдан бери Россия Федерациясида ишлаб, рўзғор тебратиб келган. У «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг телеграм канали орқали ушбу фирма ҳақида маълумотга эга бўлади.

«Чилонзорда жойлашган мазкур агентликка 2018 йилнинг декабрь ойида мурожаат қилганман. У ерга борганимда, мен каби ишлаш орзусидаги фуқаролар 170-180 нафар эди. Ўзим 164-реестер рақами билан рўйхатга қўйилганман. Ўшанда фирманинг Илҳом исмли ходими билан суҳбатлашганман. У биринчи учрашувимизда 2 минг евродан 3 минг еврогача маош олишимиз, бепул овқатланишимиз ва Латвияда бир ой ишлаганимиздан сўнг Данияга хизмат сафарига чиқишимизни айтган. Унинг бу гапларига ишонганимдан ўз хоҳишим билан чет элда ишлашга кўнганман.

Фирма тақдим этган шартномага имзо қўйганимдан кейин дастлаб Наманган шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидаги «Ўзсаноатқурилишбанк» филиалига 6 миллион сўм, апрель ойида эса қолган 11 миллион сўмни тўлов қилдим. Март ойи охирида Илҳом аканинг маслаҳати билан 15 кун Тошкент шаҳар бандликка кўмаклашиш марказига қарашли ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказида ғишт терувчилик бўйича ўқидим. Қашқадарё, Наманган ва Андижон вилоятларидан бўлган 20 нафарга яқин йигитлар ҳам мен билан ўқиган. Дипломга 1 миллион 300 минг сўм пул сарфлаганман.

Виза учун ҳам алоҳида 370 евро тўлов қилгач, 2019 йилнинг 5 июль куни 10 киши Латвия томон отландик. Бу ерга ишга келганимиздан сўнг «SIA LUX MEOS» фирмасида ғишт териш билан боғлиқ иш қилмадик. Аксинча, бошқа қурилишга оид меҳнатга жалб қилиндик. Миллонлаб маблағга сотиб олган дипломимиз бир тийинга қиммат бўлиб чиқди.

Биринчи ой 1 минг евро пул олганимиз рост. Ишни тугатгач эса қолган пулимизни беришмади ва у ердан кетишга мажбур бўлдик. Бу ҳақда Ўзбекистондаги «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбариятига айтганимизда, улар бизга Польша ва Москвадан соатига арзимаган пул тўловчи ишларни таклиф этишди. Лекин биз бунга кўнмадик. Чунки улар берган катта ваъдаларга нисбатан ишончсизлик уйғонганди. Мен билан суҳбатлашган фирма вакили Илҳом ака бу ерга икки марта келиб, ҳеч нарсани ўзгартира олмай яна Тошкентга қайтиб кетди.

Латвияга келганимдан бери уйимга 1 минг АҚШ долларига яқин маблағ жўнатдим, холос. Уч ой турли майда ишлар қилиб, топган пулимизга бир амаллаб кун ўтказдик. Ўн кундан бери эса бошқа бир тадбиркорнинг қурилиш фирмасида 3 нафар ҳамроҳим билан ишлаяпмиз. Бу ерда ҳар душанба ҳафта давомида урган ғиштимизга қараб ойлик оламиз. Биз билан Латвияга келган фуқаролардан бири ҳозир Чехияда ишсиз юрибди, яна бири уйига – Наманган вилоятига қайтиб кетди. Қолганлари қаерда нима иш қилишаётганидан бехабармиз. Ишончли иш топдик, дея қувониб, миллионлаб пул сарфлаганимиз ва натижада бу ерда сарсон юрганимиз жуда алам қиляпти», -дейди И.Маъмуров.

«Оилам қишлоқда, мен эса Чехияда қийналяпман»

Айни пайтда Чехияда кун кечираётган Ф.Давронов билан ҳам интернет орқали боғландик. Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан бўлган юртдошимиз ҳам ушбу агентлик тўғрисида интернет орқали маълумот олганини, И.Маъмуров ва бошқа ўнлаб муҳожирлар сингари барча тўловлар ва ҳужжатларни расмийлаштириб, Латвияга келганини, ваъда қилинган иш амалга ошмагани боис чет элда турли қийинчиликларни бошидан кечириб юрганини маълум қилди.

«Бу ерда дастлаб ойлик олдик. Июлдан кейин эса маошдан ҳам дарак бўлмади. Яшаш шароитимиз оғирлашди. Аҳволимизни кўрган «SIA LUX MEOS» фирмасининг қозоқ ва латиш миллатига мансуб икки ходими мени ва бошқа хусусий агентликлар орқали Ўзбекистондан келган 4 нафар йигитни 8 сентябрь куни Бельгияга ишга юборишди. Ҳужжатларимиз қалбакилигини Бельгияда қисқа муддат ишлаб, ҳайдалганимиздан сўнг билдик.

Октябрь ойи ўрталарида Польша томон йўл олдим. Бу давлатда ҳам Бельгиядаги ҳолат такрорланди: ойлик оз, чиқим кўп. Охири яна Латвияга қайтиб, биринчи ишлаган фирмамга бордим. Улар ҳам аввалгидек, ойлик бермайдиган фирмага ишга жойламоқчи бўлишди. Бироқ мен бунга кўнмай, танишларим орқали Чехияга келдим. Иш йўқлигидан бекор ётиб, кун кечиряпман. Уйга кетай десам, чиптага пул йўқ.

Латвияда «SIA LUX MEOS» фирмасининг Эдгирс, Айгирс ва Андис исмли вакиллари ишчилар билан шуғулланишади. Бирор нарсани талаб қилсангиз ёки уларга ёқмайдиган гап айтсангиз, «депорт» билан таҳдид қилишади. Ригада ишончли одам ва тайинли иш йўқ. Шу пайтгача қанча пул топган бўлсам, бирор ҳужжатга имзо қўйиб, қонуний пул олмадим. Қолганлар ҳам шундай. Кўплаб ўзбеклар ҳалол меҳнати ҳақини ололмай кун ўтказиб юрибди. Оч юрганлар ҳам оз эмас. «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг лицензияси борлиги учун фаолияти қонуний ва хорижда биз сингари ишсизларга ишончли иш топиб беришларига ишонгандим. Келганимдан минг пушаймонман. Чироқчининг чекка бир қишлоғида яшайман. Оилам қийин аҳволда. Қиш яқин, совуқ кунлар бошланди. Иш йўқлигидан уйга пул ҳам юборолмаяпман. Фирма Ўзбекистондан яна кўплаб ишчиларни Латвияга ишга юбораётганидан ҳайронман. Уларга қонуний чора кўрадиганлар йўқми?», дея ҳикоясини якунлади Ф.Давронов.

Агентлик раҳбари қандай фикрда?

Мурожаатчиларнинг фикрларини эшитгач, «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖ директори Мирсади Вафоев билан учрашиб, унинг ҳолат юзасидан муносабати билан қизиқдик.

«2018 йил 30 ноябрь куни Ташқи меҳнат миграцияси томонидан берилган лицензияга асосан фаолият юритамиз. Фуқаролар – И.Маъмуров, Ф.Давронов, И.Маллабоев, А.Отабоев, И.Фатҳуллаев, С.Алиев, И.Абдуқаҳҳоров, А.Ғуломов, Ж.Абдураимов ва А.Эшкуватов чиндан ҳам шу йилнинг июль ойи бошида фирма орқали Ригага ишга юборилган. «SIA LUX MEOS» қурилиш компанияси ҳақидаги маълумотлар билан интернет орқали танишганмиз, кейин Латвияга бориб ҳамкорлик шартномаси имзолаганмиз. Бу ташкилот улушининг 50 фоизи давлатга тегишли экани боис бизда унинг фаолияти қонунийлигига ишонч пайдо бўлган ва иккиланмай алоқа ўрнатдик.

Юқорида номлари айтиб ўтилган йигитлар хорижга кетишдан олдин барча ҳужжатлар билан танишиб чиқишган. У ерда нима иш қилишлари, қанча ойлик олишларидан хабардор эдилар. Шартномада ёзилган 1 минг 04 евро миқдоридаги ойликка меҳнат қилишга рози бўлишган. Улар бир ой яхши ишлашди ва иш ҳақи берилди. Бироқ кейин шартнома шартларини бузишди, яъни компанияда ишлашдан бош тортишди. Бу гапни компаниядагилар менга айтишгач, асл вазиятдан бохабар бўлиш мақсадида дарҳол ўз  вакилимни Ригага жўнатдим. Латвияга бориб, фуқаролар ва компания ходимлари билан суҳбатлашди.

Вакилим Илҳомнинг айтишича, И.Маъмуров, Ф.Давронов ва бошқа ҳамроҳлари дам олиш кунларининг бирида шаҳар айлангани чиқишган. Ўшанда Ўзбекистондан Ригага бориб, «нолегал» сифатида ишлаётганлар билан танишиб қолишади. Мулоқот давомида Икром Маъмуров ва унинг бошқа шерикларига «Иш ҳажмига нисбатан жуда кам пул беришяпти экан», деган фикрларни айтишади. Шундан кейин уларнинг фикри ўзгариб, компанияда ишлашни истамай қолишади. Уларга 27та давлатга бемалол кириб, чиқадиган 1 йил муддатга виза берганимиз учун, айримлари Польшада ҳам юрибди ҳозир.

«SIA LUX MEOS» қурилиш компанияси билан Ўзбекистондаги учта хусусий бандлик агентлиги ҳамкорлик қилади: бизнинг муассаса, Чилонзор ва Самарқандда жойлашган яна иккита фирма.

Эдгирснинг «SIA LUX MEOS»га алоқаси йўқ. У корхона, ташкилотларга ишчи топиб бериш билан шуғулланиб, ўртакашлик қилувчи шахс.

Бу ишчилар сентябрь ойида «Озодлик» радиосига ҳам норози бўлиб мурожаат қилишган. Мен прокуратурага барча ҳужжатларни кўрсатганман. Биз бу фуқаролар тақдирига жавоб бермаймиз. Чунки улар ўзбошимчалик билан шартномани бузиб, иш ташлашган. Мен ўз вазифамни бажариб, компанияга ишга жўнатганман. «Бирор муаммо бўлса, Ўзбекистон элчихонасига боринглар», деб бир неча марта таъкидлаганман.

Июлдан сўнг яна 7 нафар фуқарони айнан «SIA LUX MEOS»га, 2 нафар Литвага тикувчиликка, 2 нафарини эса Қозоғистонга ишга жўнатдик. Барчаси бир чиройли ишлашяпти. Янги йилга яқин яна ишчилар юборишни режалаштирганмиз», дейди Мирсади Вафоев.

Kun.uz хориждаги ўзбекистонликларнинг мурожаатини эшитиб, унга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Кўриб турганингиздек, ҳар икки томоннинг ҳам ўз ҳақиқати мавжуд. Мусофир юртда юрган фуқароларнинг бошдан кечирганлари ҳамда «Arm inter group xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбарининг фикрлари қанчалик ростлиги бизга қоронғи. Хулоса чиқариш эса ҳар кимнинг ўз ихтиёрида.

Миролим ИСАЖОНОВ,
Kun.uz мухбири

PS: Таҳририятга республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб борувчи хусусий бандлик агентликларидан фуқароларни хорижий давлатларда иш билан таъминлашга оид реклама эълонларини жойлаштириш бўйича сўровлар келиб тушмоқда. Бироқ, сўнгги вақтларда айрим хусусий бандлик агентликлари ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўяётгани ва бу фуқароларнинг норозилигини келтириб чиқараётганлиги сабабли, Kun.uz веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида соҳа фаолиятига оид рекламаларни эълон қилиш вақтинча тўхтатилади.

Мавзуга оид