Бугун навбатдаги жаҳон чемпионатига саралаш ўйинлари учун энг муҳим ўйинда майдонга тушамиз. Янги терма жамоамиз дастлабки ҳақиқий синовга дуч келади. Ўйиннинг муҳимлиги шундаки, гап фақат очколар ёки турнир жадвалида эмас, айнан шу ўйин, унинг натижаси нафақат бу, балки кейинги босқич учун ҳам катта аҳамият касб этади. Сабаби, кучли жамоаларга қарши қандай ўйнашимиз кейинги босқичдаги рақибларимизга қарши ўйинлар учун ўзига хос пойдевор, ишонч вазифасини бажаради.
ЖЧ-2014 саралаш ўйинларида биз тарихимиздаги энг кўп очкони тўплаганмиз ва йўлланма учун жуда яқин келгандик. Эсингизда бўлса, ўшанда саралашнинг дастлабки босқичларида Япония бизга рақиб бўлган, уларга қарши икки ўйинда 4 очко олишга муваффақ бўлгандик. Ўша ўйинлар футболчиларимизга ҳар қандай рақибга қарши ўйнай олишимизни, ҳар қандай кучли жамоани енгишга қодир эканимизни кўрсатган. Мана шу жиҳатдан Саудия Арабистонига қарши ўйиндаги ғалаба, асосийси, бу ўйинда биз ташаббускор тараф сифатида бўлишимиз, ўйинни назорат қилишимиз футболчиларимиз учун жуда ҳам муҳим. Ўзига ва белгиланган вазифани бажарилишига ишонган футболчилар билан кейин бош мураббийга ҳам осонроқ бўлади.
Одатда ўйин олдидан, барча тайёргарликлар амалга оширилиб, энди қўшимча куч олиш керак бўлганда, мураббийлар мотивацион нутқ қилишади. Бу футболнинг ажралмас қисмига айланган, қайсидир тарихий ғалабалар олдидан мураббийлар нималар деганлари ҳақида афсоналар юради, мухлислар учун жуда қизиқ мавзу. Мен ҳам шунақа мотивацион бирор нарса айтмоқчиман ва бу учун Европа футболидан, чет элдан бирор мисол келтиришим шартмас. Мисоллар шу ерда, атрофимизда. Масалан, Миржалол Қосимов ҳикояси. У ҳеч қачон жаҳон чемпионатига чиқа олмаган бўлса-да, доим шунга лойиқ ўйин кўрсатган, зеро натижага кўпинча биз жавобгар эмасмиз – «бизга ютиш эмас, курашиш буюрилган». Яъни қоида доим ўзгармайди, натижа учун бор имкониятни ишга сол, қолгани билан ишинг бўлмасин. Сен мана шу ҳаракатинг учун масъулсан.
Миржалол Қосимов истиқлол йилларида шубҳасиз, мамлакатимизнинг энг яхши футболчиси. Футболимиз тарихида ҳам унинг ўз ўрни бор ва анча юқорида. Абдураимов, Красницкий, Федоров, Анлар билан бир қаторда. Лекин биласизми, Миржалол бир жиҳати билан бу руйхатда устунлик қиладики, буни таъкидлаш жуда ҳам зарур.
Мухлислар ўртасида ҳам, матбуотда ҳам жуда кўп эшитиб қоламиз, бизда юлдуз футболчилар учун шароит йўқ, янги Қосимовларни бой беряпмиз ва ҳоказо. Шерзод Каримов янги Қосимов бўлиши мумкин эди, биз уни йўқотдик. Чиркин футболимиз фалончиевга тўсқинлик қилди ва у ўртамиёна бўлиб қолди. Махситалиевни сақлаб қолишимиз керак эди ва ҳоказо. Янги Қосимовлар таксистлик қиляпти, дейишади!
Ўйлаб қоламан, Қосимов таксичи бўлиши мумкинмиди? Йўқ!.. Ҳеч қачон!
Унга ҳаммаси осмондан тушиб қолганмиди? Ҳа, ўсмирлик чоғидаёқ ҳамманинг эътирофига сазовор бўлди. Кейинчи? Уни момиқ пахтадек «папалаб», ундан терма жамоа сардорини «ясаганмидик»? Унақа эмас-ку?















