Тошкентда Халқаро Евроосиё архитектура-қурилиш ва дизайн мактаблари фестивали бошланди
14 ноябрь куни Тошкентда IХ Халқаро Евроосиё архитектура-қурилиш ва дизайн мактаблари фестивали бошланди.
Фестиваль илк бор ташкил этилгандан буён унинг географияси, иштирок этувчи мамлакатлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Дастлабки фестивалда 7 мамлакатдан 18 та олий таълим муассасаси иштирок этган бўлса, 2018 йилда Евроосиё минтақасидан 18 давлатнинг 56 университети талабалари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Туркия Республикаси Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазирлиги, Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳамда Қозоғистон архитектура-қурилиш Бош академияси ва бошқа тегишли идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуманда Россия, Грузия, Молдова, Венгрия, Болгария, Туркия, Босния ва Герцеговина, Литва, Италия, Хитой давлатлари архитектура-қурилиш ва дизайнерлик мактабларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари иштирок этиб, ўзаро фикр, тажриба алмашдилар.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Тошкент архитектура-қурилиш институти фаолияти билан танишиб, у ерда талабалар учун яратилган шарт-шароитларга гувоҳ бўлишди. Жумладан, меҳмонларга бу ерда ёшларнинг олган илмий, назарий билимларини амалий жиҳатдан янада такомиллаштиришлари учун берилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқлари аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, уй-жой ва ижтимоий-маиший-қурилиш ишларини жадал ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини реконструкция қилиш ҳамда янгилаш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар хусусида қатнашчиларга сўзлаб бердилар.
Архитектура, дизайн, қурилиш, шунингдек, қурилиш материаллари, маҳсулот ва конструкцияларни ишлаб чиқариш, геодезия ва картография, ер қурилиши ва кадастр каби йўналишларда Евроосиё мамлакатларидан ташриф буюрган талаба-ёшлар ўз тақдимотларини ўтказдилар, олган билим ва малакаларини ҳакамлар ҳайъати олдида намойиш қилдилар.
Ўзбекистонлик талаба-ёшлар ўз чиқишларида маъмурий ва маиший биноларни лойиҳалашда замонавий архитектура ишланмалари, бинолар макети, плакат ва видеолавҳаларни намойиш этдилар.
IХ Халқаро Евроосиё архитектура-қурилиш ва дизайн мактаблари фестивали талаба ёшлар учун тажриба ва фикр алмашиш майдонига айланди. Иштирокчилар қурилиш соҳасини ривожлантириш бўйича инновацион тадқиқотлар, архитектура, дизайн, шаҳарсозлик, ландшафт йўналишларини такомиллаштириш, бино ва иншоотларни лойиҳалашда замонавий қурилиш материаллари ҳамда конструкцияларни татбиқ қилиш борасида атрофлича фикр алмашдилар, тажриба орттирдилар. Мутахассисларнинг энергия тежамкор биноларни лойиҳалаш, қуриш, геодезия, картография ва кадастр соҳаларини ривожлантириш, меъморчилик анъаналарини кенг қўллаган ҳолда бино ва иншоотларни барпо этиш борасидаги таклиф ва тавсияларига, маълумотларига эга бўлиб, янги замонавий, инновацион технологиялар асосидаги ишланмаларига гувоҳ бўлдилар.
Фестиваль доирасида Туркия Республикаси атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазири ўринбосари Мужаҳид Демирташ бошчилигидаги делегация вакиллари учун пойтахтимиз марказида қад ростлаётган «Tashkent Сity» мажмуасига экскурсия ташкил этилди.
Фестиваль иштирокчилари учун Самарқанд ва Бухорога саёҳат уюштириш кўзда тутилган бўлиб, улар бу шаҳарларнинг бебаҳо архитектура ёдгорликлари билан яқиндан таништирилади.
Мавзуга оид
21:41 / 17.11.2023
Президент Ўзбекистонда дизайн мактабини ривожлантириш бўйича топшириқ берди
07:41 / 20.07.2022
Тошкент дизайн ва мода халқаро университети ташкил этилади
20:57 / 27.06.2022
$100 минг топсангиз, камида $50 минг соф фойда — интерьер дизайн бизнеси
15:51 / 14.02.2021