Президентнинг “Тошкент дизайн ва мода халқаро университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг қуйидаги таклифига розилик берилади:

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг “Енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш ва технологияси (тикув буюмлари технологияси)”, “Дизайн” йўналишидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ҳамда Париж халқаро мода университети билан қўшма факультет негизида Тошкент дизайн ва мода халқаро университети ташкил этиш.

Қуйидагилар университетнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

  • дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, иқтисодиёт, маркетинг соҳалари учун меҳнат бозорида рақобатбардош, юқори малакага эга олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, замонавий технологиялар асосида фаолият юритадиган, чуқур билимга эга мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;
  • нуфузли хорижий олий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак замонавий касбий билим ва малакага эга бўлган, халқаро миқёсда рақобатбардош, истиқболли кадрларни тайёрлаш;
  • етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни жорий этиш, университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш;
  • ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўташда талабаларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологиялари ҳамда уларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;
  • таълим билан ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш мақсадида соҳа корхоналарида талабаларнинг малакавий амалиётларини йўлга қўйиш, мазкур корхоналарда кафедра филиаллари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг стажировкаларини ташкил этиш;
  • тадқиқотчи олимлар иштирокида маърузалар, семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказиш йўли билан профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда талабаларда дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, иқтисодиёт, маркетинг соҳаларида амалий илмий-тадқиқотлар олиб бориш методикаси ва амалиётига ўргатишни ташкиллаштириш;