Японияни ўрганамиз: мамлакат ривожида сиёсатчилар ва давлат хизматчиларининг тутган ўрни
Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети бизнес ҳуқуқи факультети профессори Алишер Умирдинов “Японияни ўрганамиз” туркум мақолаларининг биринчисида ушбу мамлакатда давлат хизматчилиги қай тарзда йўлга қўйилганлиги борасида сўз юритади.
2019 йил декабр ойида Ўзбекистон президентининг Японияга илк расмий давлат ташрифи кутиляпти. Ушбу орол давлатда яшаб келаётган 3000дан зиёд ўзбеклар қаторида мен ҳам бу ҳодисани интиқлик билан кутяпман.
Одат бўйича давлат ташрифи давомида турли дастур ва маросимлар уюштирилади. Учрашувлар марказида – сиёсатчилар ва мулозимларнинг ўзаро музокаралари. Музокараларнинг муваффақияти эса кўп жиҳатдан ким билан учрашаётганингизни, столнинг нариги томонида қандай одамлар ўтирганини билишингизга боғлиқ.
Японияда давлат хизматчилиги қандай йўлга қўйилган, япон сиёсатчилари ва давлат хизматчилари қандай одамлар ва қандай ишлашади – шу ҳақда бугунги мақоламиз.
Суҳбатимизни тарихдан бошласак. 1868 йилда Япония ўзининг 200 йиллик дунёдан ёпилиб олиш даврини тугатди – дунёга очила бошлади.
Тикланиш даври (Меижи даври. 1868-1912 йиллар) Япониянинг тезкор ривожланиш, океан ортида йиғилиб қолган илмларни жадал ўзлаштириш даври бўлди. Кейин эса...
Дунёга очилганидан кейин атиги 40 йил ўтиб Япония Хитойнинг Син империясини ҳамда Россияни урушда енгди! Японлар қандай қилиб бунга эришишди? Қисқа даврда қудратли давлатга айланиш тарихи бугун ҳаммага қизиқ бўлса керак, деб ўйлайман.
Омиллар кўп, аммо ҳозиргача Япониянинг ривожига хизмат қилиб келаётган, ўзгармаган бир омил бор, бу ҳам бўлса – ишчан, миллатига ўта содиқ япон сиёсатчилари ва давлат хизматчилари. Уларнинг сифатлари ҳамда япон давлатчилиги тизими қисқа муддатда ўта қолоқ Япониянинг жадал ривожланишига, калондимоғ Европанинг ҳам Японияни тан олишига олиб келди.
“Ҳаммаси давлат фаровонлиги учун!” – дунё илмини жамловчи япон сиёсатчилари
1868 йилда Токугава Шогунатлик даври тугаб, император Меижи томонидан давлат тўғридан-тўғри бошқариладиган бўлди. Ҳукумат 5 моддадан иборат Империал қасам (Gokajo No Goseimon)ни эълон қилди. Унинг 5-моддасида “Империя фаровонлигини ошириш учун илм-фан бутун дунёдан йиғиб келиниши лозим”лиги белгиланди. Император Меижи ва унинг вазирлари Япония Европа ва АҚШга ўлжа бўлиб қолмаслик учун илм-фанни тараққий эттиришга ўша пайтдаёқ қарор қилишди.
Буни Япония бир неча усул ва босқичлар билан амалга оширди. Авваламбор дунё давлатларидаги саноат, иқтисодиёт ва фанни ўрганиш ва тадқиқ этиш учун миссияларни жўнатди. Шулардан бири – Ивакура миссияси. Амалдорлар, илм-фан арбоблари ва талабалардан ташкил топган бу миссия тўрт ой давомида АҚШ ва Европанинг илм-фан ва саноат марказларини ўрганиб, Японияга қайтди. Япониянинг дунёга, дунёнинг Японияга очилиши бошланди.
Коррупциялашмаган Меижи даври сиёсатчилари
Эндигина самурайликдан чиққан Меижи даври сиёсатчилари ва мулозимлари ҳақида тарихчи Шиба Рётаронинг “Ушбу давлат шакли” номли машҳур китобида қуйидагилар ёзилган:
“Меижи даври давлатини етарлича муваффақият қозонган давлат десак, янглишмаймиз. Бунга бир мисол, порахўрликнинг деярли бўлмаганидир. Аслида сиёсатчи, давлат хизматчиси ва таълим соҳаси ходимларининг порахўрлиги каби жамият саломатини бузувчи нарса йўқ. Бу моддий жиҳатдан ҳам зарар етказади. Кўп таъкидланганидек, Меижи даври ҳукуматининг бошқаруви натижасида Японияда ҳақиқатан ҳам саноат вужудга келган. Мисол учун, пўлат саноатини қуриш учун катта миқдорда сармоя ётқизилган. Агар бу сармоя “ширин хўрак” сифатида ўша давр сиёсатчилари ва давлат хизматчилари томонидан еб ташланганида, пўлат саноати ҳеч қачон ривожланмасди.
Шунингдек, мактаб-университетларга кириш имтиҳони ва турли лицензия синовларидан пул орқали ўтказиш иллати мавжуд бўлса, миллат ўзи яшаётган жамиятга нисбатан ишончи сўнади. Муваффақият қозонувчи кучли давлатлар ўз миллатининг ўта қаттиқ ҳурмат ва ишончга кира олгани учун ҳам шу даражага етишадилар. Порахўрликнинг ёмонлиги – унинг миллат руҳиятидаги шижоатни қириб юборишида.
Катта қоида сифатида айтиш жоизки, миллий давлат дегани, миллатни ўзи билан тенг кўрадиган, ҳар бир фуқарога тенглик принципи асосида ёндашувчи давлат дегани. Сиёсатчилар ва давлат хизматчиларининг порахўрлиги эса миллатнинг устидан кулиши бўлиб, ўз миллатини масхара қилишдан ўзгаси эмас. Бундай хўрликни эса Меижи даврида инсонлар бошларидан кечирмаганлар. Бошқача сўз билан айтганда, Меижи давлати порахўрлик йўқлиги учун ҳам кучли давлат сифатида муваффақият қозонган”.
Кадрларни имтиҳон қилишнинг шаффоф тизими
Меижи давридан кейин ҳам японлар қобилиятли давлат мулозимларини етиштира олишди. Бунга бир нечта нарса омил бўлди.
Биринчиси, Иккинчи жаҳон уришидан кейиноқ қабул қилинган давлат хизматчилари тўғрисидаги қонун билан давлат хизматчиларини танлаб олишнинг шаффоф имтиҳон тизими жорий бўлди.
Япония ташқи ишлар вазирлигига ишга кирмоқчи бўлган киши албатта жаҳон дипломатияси университетини тамомлаган бўлиши шарт эмас, балки шаффоф имтиҳондан яхши ўтиши керак.
Имтиҳонлар давлатнинг турли вилоятларида ўтказилади. Биринчи босқичдан ўтганлар пойтахт Токиога чақирилади ва яна имтиҳондан ўтишади. Шундай қилиб, ташқи ишлар вазирлигига пойтахтдаги номдор университет талабаси ҳам, чекка вилоят талабаси ҳам имтиҳон топшириб ишга кириши мумкин. Шаҳар ва вилоят ҳокимликларида ишлашни истаганлар ҳам давлат хизматчилари учун жорий бўлган имтиҳондан албатта ўтишлари лозим. Катта мансабдор бўлиш йўлида субъектив омиллар учраса-да, иқтидорли талабаларнинг ўзлари истаган вазирлик ва қўмиталарга ишга киришлари йўлида ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас.
Моддий бойликлар ҳақида доим ҳисоб бериб туриш тамойили
Японияда ҳар бир ҳукумат аъзоси эга бўлган бойликлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади. Бу мутлақо нормага айланган. Ер, уй, қимматли қоғозлар, банк ҳисоб рақамларидаги пуллар, ҳаттоки олинган ёки берилган қарз – ҳаммаси ҳақида маълумот берилади. Япониянинг ҳозирги бош вазири Абэ Шинзо, мисол учун, 2017 йилда – янги ҳукумат ташкил этилган пайтда – ўзининг моддий бойликларини қуйидагича эълон қилган (қулай бўлиши учун пулни долларга чақдим):
Кўчмас мулклар – 777.000 доллар, банкдаги омонат пул ва қимматбаҳо қоғозлар – 262.600 доллар, оиласи билан биргаликдаги мулк – 1.039.600 доллар, ўзининг мулки – 1.039.600 доллар, бошқаларга берган қарзи – 200.000 доллар, олган қарзи мавжуд эмас.
“Университет битирувчиси ўзи битирган соҳасида ишлаши лозим” эмас
Японияда “ҳар бир инсон ўзи битирган соҳа бўйича ишлайди” деган догма қабул қилинмаган. Юзлаб ҳуқуқ факультетларида ўқиган минглаб битирувчилар асосан хусусий фирмаларга ишга киришади. Фирма раҳбарлари уларга “сен фақатгина фирмамизнинг юридик бўлимида ишлашинг мумкин” демайди. Ходимларни ўқиган соҳасига эмас, балки ўзлаштириш қобилияти, мослаша олиш сифатига қараб ишга олишади. Ундан кейин 3-6 ой давомида улар ўқитилади, фирма ёхуд давлат соҳасига мослаштирилади.
Бу услуб қобилиятли кадрлар энг яхши жойларда фаолият юритишини таъминлайди. Паст савияли киши япон префектурасига губернатор (бизнинг тилда “ҳоким”) бўлиб олиши қийин. Бунинг ёрқин мисолини Токио университети ҳуқуқ факультети битирувчиларида кўриш мумкин: Япония Молия вазирлигига асосан Токио ҳуқуқ факультети битирувчилари имтиҳон асосида ишга олинади.
Токиодаги маъмурий ҳудуд – “касумигасеки”
Бу ердан давлат бошқарилади. Давлат мулозимлари 30-35 саҳифадан иборат “Никкеи шинбун” каби иқтисодиёт ва сиёсатга оид газеталарни доимо ўқиб боришади. Бундан ташқари, кўп китоб ўқишади – Касумигасекида ажойиб китоб дўкони бор. Шу сабаб бўлса керак, одатда япон мулозимлари ўз соҳаларини жуда яхши билишади, кенг ва теран фикрга эга бўлишади.
Вазирликларда, вазирлар қўмитасида ходимларнинг идоралардаги айланиши – ротацияси ҳам машҳур. Бу ҳар бир вазирлик бошқа вазирликлар билан яқиндан танишиши мақсадида қилинади.
Илмга таянувчи бошқарув
Япониядаги давлат идораларининг яна бир кучли томони – ўз тадқиқот институтларига эгалиги. Ҳар бир идора ўз соҳаси бўйича энг сўнгги янгилик ва ўзгаришлардан бохабар бўлади. Идоралар ихтисослашган университет профессорлари ва хусусий фирма ходимлари томонидан ташкил қилинадиган комиссиялар хулосаларидан, тадқиқотлардан фойдаланади. Ҳисобот ва илмий иш муаллифларини тақдирлашади.
Мисол учун, Япониянинг Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги ҳузурида RIETI (Research Institute for Economy, Trade and Industry) номли тадқиқот институти бор. Бу маскан Япония ва дунё олимларининг ўнлаб тадқиқот натижаларини эълон қилади. Солиқ идораси, Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирликларини эса айтиб ҳам ўтирмайман. Улар олимлар билан маслаҳатлашмай иш қилишмайди.
Сиёсатчи ва давлат хизматчиси ўртасидаги фарқ
Парламентар монархия бўлган Японияда сиёсатни сайловларда ғолиб бўлган партия вакилларидан ташкил этиладиган вазирлар маҳкамаси юритади. 2012 йилдан буён Либерал демократик партия вакили Абэ Шинзо бу мамлакат бош вазири ҳисобланади.
Сиёсий анъанага кўра, вазирлар ҳукмрон партия вакилларидан тайинланса-да, ҳар бир вазир 5-6тагина вазир ўринбосари ва маслаҳатчисини тайинлай олади, холос. Қуйи босқич давлат хизматчиларини вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги кадрлар бўлими расман тайинлайди, аммо барча ҳолатларда уларга тақдим этилган номзодлар тасдиқланади. Бу дегани, ҳукуматга қайси партия келишидан қатъи назар, вазирлик ва идоралар таркиби ўзгармайди, янги кадрлар эса ўша – шаффоф имтиҳондан ўтган кадрлардан шакллантирилади.
“Идорани бошлиғи билан қўшиб тўлиқ тозалаш” тушунчаси Япония давлат бошқаруви тизимига ёт тушунча. Бу ерда давомийлик ва анъаналар асос ҳисобланади.
Давлат хизматчилари қонунига кўра, давлат хизматчисининг давлат сиёсатига очиқдан-очиқ қарши бўлиши уни лавозимда пастлатишга, ишдан бўшатишга асос бўлолмайди, шахси қатъий ҳимоя қилинади. Давлат хизматчилари ҳукумат, партия ёки шахсга эмас, балки Японияга – япон халқига садоқат билан хизмат қилиши керак.
“Сан-кан-гаку” ҳамкорлиги учбурчаги
Японияда “кан-сан-гаку” номли тизим ҳақида кўп гапиришади. “Сан” (産業) сўзи саноат ва хусусий ширкатларга нисбатан ишлатилади (яъни - иқтисодиёт), “Кан” (官僚) бюрократияга нисбатан, “гаку” (大学) эса университет – билим, фан, таълим маъносини англатади. Бу уч соҳа бир-бири билан ҳамкорлик қилиши кераклигига японлар кўп урғу беришади, бундай ҳамкорлик учбурчагини ишлатган ҳолда инновацион лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилинади: университет олимлари фикр беради, саноат вакиллари маблағ ажратади, ҳукумат эса қўллаб қувватлайди, керакли маъмурий ва қонунчилик ўзгаришларини киритади.
Бу усулнинг муваффақиятида иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигининг ўрнини эътироф этиш зарур. Ташқи савдо ва инвестиция ишларига масъул бу давлат идораси ўзида энг кучли япон кадрларни бирлаштириб, япон ширкатлари йўлини дунёга очишга ёрдам беради. Вазирлик тилларни чуқур билган кадрларни ўзида жамлаган, дунё ҳодисаларини яхши таҳлил қилади, ходимлари мамлакат саноатининг ривожланиш йўналишини белгилашда муҳим ўрин тутган ва тутмоқда.
Жамият олдида жавобгарлик
Японияда сиёсатчилар жамият олдида жавобгар эканликларини яхши ҳис қилишади. Масалан, вазирлик ишида сезиларли камчилик юз берса вазир, гарчи бевосита ўзи айбдор бўлмаса ҳам, ва гарчи соҳадан умуман кетмаса ҳам (баъзида бир неча йилдан кейин қайта вазир бўлиб идорасига қайтиши ҳам мумкин), жамият олдида узр сўраш маъносида истеъфо беради. Абэ Шинзо пайтида айтган гаплари ва қилган ишлари учун қуйидаги вазирлар истеъфо беришди:
Обучи – иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири– сиёсий ташкилотига кирим қилинган пулларни ҳисоботда кўрсатмаганлиги учун ишдан кетган;
Матсушима – адлия вазири – сайловчиларга қонунларга хилоф равишда ўз расми туширилган елпиғич тарқатгани учун ишдан кетган;
Нишикава – қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик вазири – у бошқарган сиёсий ташкилот давлат томонидан субсидия олган фирмадан хайрия маблағи қабул қилгани учун ишдан кетган;
Амари – иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири – ўзи ва ёрдамчилари қурилиш фирмасидан пул олгани, пулларни ҳисоботда етарлича кўрсатмагани учун ишдан бўшаган;
Имамура – тикланиш вазири – Тоҳоку регионида юз берган табиий офат бўйича гапира туриб, “Бу воқеа Тоҳоку ҳудудида рўй бергани яхши бўлди. Пойтахт Токёда юз берганида жуда катта зарарга учрардик” деган гапи учун ишдан кетган;
Инада – мудофаа вазири – Япония мудофаа кучларининг Жанубий Судандаги фаолияти бўйича баъзи маълумотларни беркитгани учун истеъфо берган;
Сакурада – олимпиада вазири – Тоҳоку регионида юз берган табиий офат бўйича “ҳудуднинг тикланишидан ҳам муҳимроғи – бу парламент депутати” маъносидаги гапи офатдан зарар кўрган аҳолини хафа қилгани учун ишдан кетган;
Сугавара – иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири – сайлов округидаги қўлловчиларига турли совғалар берганлиги аён бўлганидан кейин вазирлик мақомидан кетган;
Каваи – адлия вазири – хотини сайловчиларга қонунда белгиланганидан кўпроқ моддий ёрдам кўрсатганлиги учун бош вазир ёрдамчиси лавозимидан кетган.
“Қонун доирасидаги бошқарув” принципи
Давлат хизматчилари “қонун доирасида бошқариш” қоидасига қаттиқ риоя қилишади. Унга кўра ижро органи қонунлар билан белгиланган ваколатлари доирасидан ташқарига чиқмаслиги лозим. Бирон-бир қонун жамият манфаатига зид келиб қолса, унда бу қонунни парламент ўзгартириши кутилади. Ваколатларни суиистеъмол қилиш Японияда кечирилмайди.
Баъзи салбий чизгилар
Япония парламентар монархия бўлгани учун давлат раҳбарини аҳоли тўғридан-тўғри сайлов орқали сайлай олмайди.
“Бой-камбағал” фарқи тобора катталашиб боряпти.
Кучли рақобат муҳити япон ёшларини жуда ёшлик пайтларидан қўшимча тўгаракларга қатнаб, билим ва кўникмаларини ошириб боришни талаб қилади. Яхши тўгаракка қатнаш, яхши мактабга кириш, нуфузли университетда ўқиш кейинчалик марказий идоралар имтиҳонидан ўтиш имконини оширяпти. Буни эса (яхши тўгарак, яхши мактаб, яхши университетни) даромади паст оилалар кўтаролмайди. Марказий идораларга бўладиган синовлар очиқ ва тенг шартлар асосида ўтса-да, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган талабаларнинг 70 фоизи ўзига тўқ хонадонлардан чиққанлиги яқинда ўтказилган статистик маълумотлардан аниқ бўлди.
Мавзуга оид
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024
Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди
20:03 / 08.11.2024