Спорт | 20:25 / 18.11.2019
5293
1 дақиқада ўқилади

Грециялик теннисчи АТР якуний мусобақасининг 18 йил ичидаги энг ёш ғолиби бўлди

21 ёшли грециялик теннисчи Стефанос Циципас Профессионал теннисчилар уюшмасининг (ATP) якуний мусобақаси ғолиби бўлиб, ушбу мусобақанинг охирги 18 йил ичидаги энг ёш ғолибига айланди. Мусобақанинг мукофот жамғармаси 9 млн долларни ташкил қилган.

Лондонда ўтган мусобақа финалида дунёнинг 6-рақамли теннисчиси 26 ёшли австриялик Доминик Тимни (5-рақамли теннисчи) мағлуб эта олди. 2 соат 35 дақиқа давом этган учрашув Циципас фойдасига 6:7 (6:8), 6:2, 7:6 (7:4) ҳисобида якунланди.

Бунгача АТР якуний мусобақасининг энг ёш ғолиби Лейтон Хьюитт ҳисобланган. У 2001 йилда 20 ёшида ушбу мусобақада зафар қучган.

Якуний мусобақада дунё рейтингининг энг кучли 8 теннисчиси иштирок этиб, улар 2 гуруҳга бўлинганлар. Циципас ва Тимдан ташқари, мусобақада россиялик Даниил Медведев, германиялик Александр Зверев, испаниялик Рафаэль Надаль, сербиялик Новак Жокович, швейцариялик Рожер Федерер, италиялик Маттео Берреттини иштирок этган. 

Мусобақа якунига кўра, Надаль мавсумни дунё рейтингининг 1-ўрнида, Жокович 2-ўрнида ва Федерер 3-ўрнида якунлади.

Мавзуга оид