Жамият | 15:30 / 18.11.2019
11964
10 дақиқада ўқилади

Ипотека-банк: Банк фаолиятини мижозга қаратилганлигини таъминлаш йўлида

Ўзбекистонга кириб келаётган хорижлик инвесторлар оқими кучайиб бормоқда. Уларнинг талабига жавоб бериш ва кучли рақобат муҳити шаклланган бир пайтда банклар ўз иш услубини ўзгартиришга, мижозлар хоҳиш-истакларини тўлиқ қондиришга интилиши зарурат ҳисобланади. Бу жараён «банклар трансформацияси» атамаси билан номланади. Кўпчилик трансформация натижасида тизим автоматлаштирилади, шу сабабли ходимлар қисқариши салбий оқибатни юзага келтиришини таъкидлашмоқда. Аслида, трансформация нима учун керак? Унинг аҳамияти нимада? Ипотека-банк Молия блоки раҳбари Азиз Мухитдинов бу ҳақда батафсил маълумот берди.

Азиз Мухитдинов, «Ипотека-банк» АТИБ Молия блоки раҳбари

Нима учун Ипотека-банк трансформация лойиҳасини амалга оширишга қарор қилди?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатдан янги ёндашувларни бошлаб берди. Бу борада, давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари томонидан Давлат дастурини самарали амалга оширишга қаратилган, шу жумладан, хорижий мутахассислар ва халқаро экспертларни фаол жалб қилган ҳолда чинакам ўзгаришларга катта қадам қўйилди.

Шу билан бирга, муҳтарам Президентимизнинг 2019 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида «банк тизимига хусусий ва хорижий капитал кириб келиши ҳисобидан давлат банклари улушини босқичма-босқич камайтириб борилиши, бу ўз навбатида соҳада рақобат муҳитини яхшиланишига, банклар фаолиятини, кредитлаш сифати ва маданиятини ҳар томонлама оширишга хизмат қилиши» таъкидлаб ўтилган эди.

Ушбу устувор вазифаларни амалиётга изчил татбиқ этилиши банклар ўзгариши лозимлигига кучли туртки бўлди.

Бундан ташқари, бозорга хорижий банклар кирмоқда, банклар ўртасида рақобатнинг кескин ўсиши кузатиляпти. Шу сабабли, бозорда ўз мавқеини сақлаш ва янада ўсиш учун тез суръатларда ривожланиш керак, бунда эса ишлашнинг эски услублари етарли самара бермайди. Шунинг учун ҳам банкни трансформация қилиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. 

Ипотека-банкнинг трансформация лойиҳаси ўзида нимани мужассам қилган?

– Банкимизнинг трансформация лойиҳаси – бу бугунги кундаги ихтисослашган банкни 2023 йилга келиб Ўзбекистон Республикасидаги учта лидер банклар қаторига кирадиган, замонавий универсал тижорат банкига ўзгартиришни кўзда тутган лойиҳа ҳисобланади. Бу ҳолат банкдаги бизнес-жараёнларни оптималлаштириш, ходимларнинг профессионаллик даражасини янада ошириш, банкнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали мижозларимизга хизмат кўрсатишни янада самаралироқ ва сифатлироқ ташкил этишга ёрдам беради. Трансформация барча таркибий бўлинмалар, шу жумладан филиалларни ҳам қамраб олади. Шундан келиб чиқиб, бу жараённи тўғри ва илмий ёндашган ҳолда ташкил этиш учун жаҳонда юқори нуфузга эга бўлган Халқаро Молия Корпорацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик.

Лойиҳа доирасида халқаро экспертлар билан биргаликда банкнинг жорий ҳолати комплекс экспертизадан ўтказилиб, уни такомиллаштириш бўйича 14 та устувор йўналишлар белгилаб олинди. Улар, асосан, корпоратив бошқарувни тубдан яхшилаш, риск-менежментни тўлиқ жорий қилиш, бизнес жараёнлар реинжиниринги, сотувлар билан ишлаш ва бошқалардир. Банк масштабидан келиб чиқиб, трансформацияни ҳар бири бир йилдан иборат бўлган 3 та босқичда амалга ошириш режалаштирилди. 

Трансформация ходимларга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

– Трансформация банкнинг барча таркибий бўлинмалари ва ходимларига таъсир кўрсатади. Бу жараёнда банкдаги барча ички меъёрий ҳужжатлар, бизнес жараёнлар, корпоратив маданият, мижозга бўлган муносабат, банкдаги мавжуд маҳсулотлар, дастурий таъминотлар ва шу кабилар илғор халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқилади. Бунда кўпроқ янгиликка интилиш, кўпроқ янги билимлар ва кўникмаларни олиш, ўз устида кўпроқ ишлаш, халқаро тажрибани ўрганиш керак бўлади.

Мазкур босқичда энг оғири – ходимнинг ўз фикрлаши ва дунёқарашини ўзгартириши ҳисобланади. Ходим эскича фикрлашдан воз кечиб, мижозни марказга қўйиши, мижозга қандай қилиб қулай, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни, унинг банк маҳсулотларига бўлган янги талабини қондириш тўғрисида ўйлаши керак. Албатта ўзгариш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Айрим шахслар йиллар давомида шаклланган ўзининг «комфорт зонаси»дан четга чиқишни ҳоҳламайди. Аммо бу замон талаби, ўзгаришсиз ривожланиш бўлмайди. Айниқса, «Ипотека-банк» каби давлат улуши мавжуд йирик банкнинг институционал трансформацияси банкни тубдан ўзгартирилишини ва бу борада асосланган ва мураккаб, таъбир жоиз бўлса «оғриқли» қарорлар қабул қилишни тақозо этади. Трансформация жараёнида ўзгаришни ҳоҳламаган ходимлар томонидан турли (очиқ ва яширин) кўринишдаги қаршиликлар бўлиши, уларнинг бошқа жойга ишлашга ўтиб кетиши, оптимизация жараёнида ходимларнинг бир қисми қисқартирилиши табиий ҳол ҳисобланади. Трансформация йўлини босиб ўтганлар бўйича кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мисол сифатида, Буюк Британиянинг Barclays ва HSBC банкларини, Франциянинг Societe General ва BNP Paribas банкларини, Россия Федерациясининг Сбербанкини, Сингапур давлатининг DBS банкини, Озарбайжон ва Украина давлатларининг банклари трансформацияларини келтириш мумкин.

Банк томонидан ходимларни трансформация жараёнига тайёрлаш бўйича нималар қилинди?

– Банк раҳбарияти томонидан бу ўзгаришларни имкон қадар «оғриқсиз» ўтиши учун барча саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Бу жараёнларни тўғри ташкил этиш тартиби ривожланган давлатларда анча олдин йўлга қўйилган бўлиб, у «ўзгаришларни бошқариш» деб аталади. 

Банк трансформациясида «ўзгаришларни бошқариш» алоҳида йўналиш сифатида белгиланиб, бу бўйича ХМКнинг тажрибали эксперти жалб қилинган. Ўзгариш жараёнида ходимларда асосий қўрқув ўзгариш моҳиятини, мақсадини ва ундан кутилаётган натижани билмасликдан келиб чиқади.

Шу сабабли, ўзгаришларни ҳар бир ходимга етказиш, уларда туғиладиган саволларга жавоб бериш, уларни ҳар томонлама тайёрлаш муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, халқаро тажриба асосида банкда ходимларни ўзгаришларга тайёрлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Булар қуйидагилар:

  • ҳар бир ходимга (боғбондан тортиб раҳбаргача) Бошқарув раиси номидан босқичма-босқич трансформация бошланганлиги, ундан кўзланган мақсад, унда амалга ошириладиган ишлар бўйича хатлар юборилди;
  • Бошқарув раисининг ходимларга видео-мурожаати тайёрланиб, уни филиаллардаги ҳар бир ходимга етказиш учун юборилди;
  • банкда қўллаб-қуватлаш линияси (Helpline) ташкил этилди. Бунда ходимлар учун алоҳида электрон почта манзили ва алоҳида ички телефон рақами ажратилди. Ходимлар ҳоҳлаган вақтларида ўзларини қизиқтирган ёки қийнаётган саволларини юборишлари, мавжуд муаммоларни кўтаришлари, таклифларини киритишлари учун имконият яратилди;
  • аутрич сессия (Outreach Session)лар ташкил этилди. Бу сессиялар доимий равишда шахсан Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари иштирокида ҳудудларга чиққан ҳолда, ходимлар билан юзма-юз учрашувлар ўтказиш, ходимларнинг саволларига жавоб топишдан иборат бўлди;
  • ходимлар учун банкнинг ички сайти (intranet website) ташкил этилди. Интранет банкнинг ички ҳаётини ёритиб бориш, ходимларга бир-бирлари билан маълумот ва фикр алмашишлари учун ўзига хос майдонча вазифасини бажармоқда;
  • «Бошқарув раиси билан қаҳва» тадбири жорий қилинди. Бу жараён Бошқарув раисининг ходимлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти, унда ходимларнинг саволларига жавоб бериш, уларнинг фикр ва таклифларини эшитишдан иборат.

Трансформацияни муваффақиятли амалга ошириш учун қандай маданият зарур бўлади?

– Бунинг учун натижага қаратилган маданиятга ўтиш лозим. Бунда бошқаришнинг демократик модели қўлланилиб, ҳар бир иштирокчи ўзининг нуқтаи назарини билдиришга ва овозига эга бўлиши керак. Ҳар бир иштирокчи дунёқарашини ва ўзини тутишини шунчалик ўзгартириши керакки, брейнсторминг ўтказиш орқали иштирокчиларнинг фикрларини бирлаштирган ҳолда синергия ташкил этиш ва ғояларни рўёбга чиқариш мумкин бўлади.

Трансформация лойиҳаси доирасида қилинган ишлар ҳақида маълумот берсангиз.

– ХМК билан 3 та келишув имзоланди ҳамда Ҳукумат даражасида 4 та ҳужжат қабул қилинди. Банк ва ХМК билан имзоланган келишувлар асосида:

  • банкка 15 нафардан зиёд тажрибали халқаро экспертлар жалб қилинди;    
  • банкни замонавий тижорат банкига ўзгартириш (институционал трансформация қилиш) Дастури ишлаб чиқилди;
  • Ўзбекистонда илк бор давлат улуши мавжуд бўлган Ипотека-банк Кузатув кенгаши таркибига халқаро тажрибага эга бўлган 3 нафар «мустақил директорлар» сайланди;
  • банкнинг ташкилий тузилмаси бутунлай қайта кўриб чиқилиб, халқаро андозаларга мослаштирилди;
  • банк филиаллари босқичма-босқич янги (оптималлаштирилган, фронт ва бэк офисга ажратилган) форматга ўтказилмоқда;
  • Республика банк тизими тарихида илк марта ХМК томонидан давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банкига инвестиция киритиш масаласи корпорациянинг коллегиал органларида муҳокама қилиниб, Ипотека-банкка дастлабки келишилган 20 млн. ўрнига 35 млн. АҚШ доллари эквивалентида, акцияларга айирбошлаш имконияти мавжуд бўлган кредит линиясини ажратиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинди.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид