Ўзбекистон | 13:38 / 20.11.2019
11694
2 дақиқада ўқилади

МСК вафот этган шахснинг депутатликка номзод сифатида рўйхатга олингани ҳақидаги маълумот юзасидан текширув бошлади

Фото: KUN.UZ

Марказий сайлов комиссияси бир неча йил олдин вафот этган шахснинг депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумот юзасидан текширув бошлади.

Қонунчилик палатаси сайловларини ёритиш бўйича Халқаро матбуот маркази хабарига кўра, Марказий сайлов комиссияси бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир неча йил олдин вафот этган шахснинг депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинганлиги ҳақидаги тахминий хабарларга муносабат сифатида бу маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш юзасидан иш бошлаган.

Қайд этилишича, Марказий сайлов комиссияси қисқа вақт ичида жамоатчиликка текширув натижалари ҳақида хабар беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда навбатдаги парламент сайловлари 22 декабрда бўлиб ўтади. Уларда иштирок этишга 5 та сиёсий партия қўйилган, улар: Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” Демократик партияси, “Адолат” Социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси. 

Номзодлар қўйилган сайлов округлари сони 750тани ташкил этади. Қонунчилик палатаси депутатлигига янгидан номзод этиб қўйилганлар сонида 440 нафарини эркаклар (58,7 фоиз) ва 310 нафарини аёллардир (41,3 фоиз). Депутатликка қайтадан номзод этиб қўйилганлар сони - 37 нафари эркаклар (4,9 фоиз), 6 нафари аёл (0,8 фоиз).

Шунингдек, депутатликка номзодларнинг энг кўпи педагог мутахассислигига эга - 223 нафар. Иқтисодчилар 143 нафар, шифокорлар 93 нафарга тенг. Кейинги ўринлардан муҳандислар (65), ҳуқуқшунослар (52), агрономлар (30), журналистлар (24), тадбиркорлар (18), файласуфлар (8), сиёсатшунослар (3) ва бошқалар (91) жой олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид