Ўзбекистон | 10:11 / 08.04.2026
1876
2 дақиқада ўқилади

“Менинг боғим” лойиҳаларига депутатлар аралашуви кучайтирилади

Президент фармони билан “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишда жамоатчилик ҳамда халқ вакиллари иштирокини кенгайтиришга қаратилган янги тартиблар жорий этилди.

Фото: Kun.uz 

ПФ–56-сонли фармонга кўра, “Менинг боғим” лойиҳаларини ташкил этиш жараёнларини такомиллаштириш ва уларни амалга оширишда янги механизмларни жорий қилиш белгиланди.

Хусусан, “Очиқ бюджет” порталидаги танловда ғолиб бўлмаган лойиҳалардан камида биттасини Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан сайловчилар манфаатлари ва ҳудуднинг экологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ғолиб деб эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, лойиҳаларни ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотига мос равишда шакллантириш тизими жорий этилади. Бу эса барпо этиладиган яшил ҳудудларнинг самарадорлиги ва барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фармонда “Менинг боғим” доирасида барпо этиладиган боғлар ва жамоат паркларида дарахт ва ўсимликларни экиш, уларни мунтазам парваришлаш ҳамда объектлар ҳолатини сифатли сақлаш бўйича янги амалиётлар ҳам назарда тутилган.

Мазкур ўзгаришлар яшил ҳудудларни кўпайтириш, экологик ҳолатни яхшилаш ва аҳоли иштирокини кенгайтиришга қаратилгани таъкидланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид