Жамият | 20:25 / 20.11.2019
6833
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекларда педагогика ва тиббиёт йўналишида ўқиган қизлар яхши келин бўлади деган тасаввур бор – Ёшлар иттифоқи раиси

Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев жамиятда педагогика ва тиббиёт йўналишларида ўқиган қизлар ҳақида улар яхши келин бўлади деган тасаввур борлигига эътибор қаратди.

Фото: Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти

«Эътибор берсангиз, педагоглар тайёрлаш тизимида аёлларнинг доминантлигини кузатса бўлади. Педагоглар тайёрловчи олий таълим муассасаларида аёлларимиз, қизларимиз кўпроқ. Нега? Чунки педагогика соҳасида кўпроқ аёллар ишлаши керак деган тушунча бор. Ваҳоланки унақа эмас.

Худди шу соҳадан келиб чиққан ҳолда таҳлилларимга кўра педагогикада ишлайдиган кўпчилик қизларимиз ўқишни битиргунларигача турмушга чиқишади. Уйланиш ёшидаги йигитлар ҳам педагогика йўналишида ўқиётган қизларга кўпроқ совчи қўйишади. Тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларида ўқиётган қизлар билан ҳам вазият худди шундай», дея Алишер Саъдуллаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг сўзларига кўра, мавжуд педагогларни етиштириб чиқаришда ҳам, ушбу йўналишдаги институт ва университетларга абитуриентларни қабул қилишда ҳам мана шундай ўзига хос муаммолар бор. Унинг таъкидлашича, Халқ таълими вазирлиги томонидан халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу концепцияда педагоглар тайёрлаш тизимидаги муаммоларга ҳам ечим таклиф этилган.

«Масаланинг энг муҳими ечими, ХТВ томонидан ишлаб чиқилган 2030 йилгача мўлжалланган концепция Олий таълим вазирлигининг 2030 йилгача мўлжалланган концепцияси билан мос равишда интеграция қилинсагина, яъни муаммоларга биргаликда ҳал қилинсагина, масалага ечим топилиши мумкин. Йўқса у муаммолигича қолиб кетаверади», дейди Алишер Саъдуллаев.

Уининг қўшимча қилишича, йил давомида 20 минг нафарга яқин педагог университетларни битирса, шундан 10 минг нафари педагог бўлиб қолади, қолганлари бошқа соҳага ўтиб кетади. Бу ҳам ечимини кутаётган масалалардан биридир.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид