Соғлиқни сақлаш соҳасида 500 млрд сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилмаган
21 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ҳисоботда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилган маблағлар ҳақида ҳам сўз борган.
«2019 йилнинг 9 ойи давомида давлат бюджетининг соғлиқни сақлаш харажатларига ажратган маблағлари 10,6 трлн сўмни ташкил этади.
Ушбу маблағларнинг 7,6 трлн сўми (72 фоизи) иш ҳақи харажатлари ва унга тенглаштирилган харажатларга сарфланди.
Соғлиқни сақлаш муассасаларини дори-дармон билан таъминлаш харажатларига 871 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бу – йиллик режанинг 79 фоизини ташкил этади.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш муассасаларининг озиқ-овқат харажатларига 205 млрд сўм, болаларни 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш бўйича вакцина харажатлари учун 148 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилди ёки режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди», – деди ҳукумат ҳисоботини тақдим этган молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида нейросенсор карлик ёки заиф эшитадиган болаларда операциялар ўтказиш учун 320та кохлеар имплантантлар сотиб олинган ва бунинг учун 26,4 млрд сўм сарфланиб, режалаштирилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилиши таъминланган.
Шунингдек, республика бўйлаб гемодиализ хизмати узлуксиз фаолият кўрсатиши учун, уларни ҳар йили бир марталик фильтрлар, сарфлаш материаллари, шунингдек диализ аппаратларини эҳтиёт қисмлари билан таъминлаш учун назарда тутилган 73,7 млрд сўм маблағлар тўлиқ молиялаштириб берилган.
Умуман, 2019 йилнинг 9 ойи давомида соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан ажратилган 10,6 трлн сўм – ижтимоий соҳага йўналтирилган жами харажатларнинг 23 фоизини ташкил этган.
Муҳокамалар давомида президент ва ҳукумат қарорлари асосида соғлиқни сақлаш соҳасининг айрим тадбирларини амалга оширишга ва бошқа мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг 519,6 млрд сўми ўзлаштирилмай қолгани танқид остига олинди.
«Адолат» СДП фракцияси вакиллари бу масалага тўхталар экан, маблағларнинг ўзлаштирилмаслиги сабаблари ўтган йиллар бюджет ижроларида ҳам учраганини танқид қилдилар. Шу боис ўзлаштирилиши таъминланмаган соҳалардаги муаммоларни жорий йилнинг охиригача ҳал этишда мутасадди раҳбарлар масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
19:08 / 25.10.2024
Сайловда 1 миллиондан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди
20:25 / 23.07.2024
Хориждаги маҳкум ўзбекистонликлар жазони ватанида давом эттириши мумкинлиги белгиланмоқда
19:14 / 23.07.2024
Ўзбекистонда “тренингчи”лар фаолияти тартибга солинади
14:10 / 09.07.2024