Фан-техника | 00:52 / 23.11.2019
23398
2 дақиқада ўқилади

Galaxy S11 смартфонининг суратлари тақдимотидан 3 ой олдин пайдо бўлди

Фото: 91mobiles

Таниқли инсайдер @onleaks 2020 йил февралидагина тақдимоти ўтадиган янги Samsung Galaxy S11 смартфонининг дизайнини кўрсатди. Смартфоннинг суратлари 91mobiles сайтида эълон қилинган. 

Таъкидланишича, қурилма учта модификацияда чиқарилади: кичикроқ Galaxy S11e, одатдаги ўлчамдаги Galaxy S11 ва каттароқ ўлчамдаги Galaxy S11+.   

Galaxy S11 ойна ва металлдан ишланади. Қурилманинг олд томони деярли экран билан қопланади. Экран ўртасида фронтал камера учун тешик пайдо бўлади. Қурилманинг диагонали 6,7 дюймни ташкил қилади.  

Galaxy S11e ва Galaxy S11+ эса мос равишда 6,4 ва 6,9 дюймли Dynamic AMOLED-экранлар билан жиҳозланади. 

Смартфон орқасида асосий камера жойлашадиган тўғри тўртбурчак шаклидаги блок жойлашади. Камера тизими 3 та оддий камера ва ToF-датчик билан жиҳозланади. 5-ўйиқнинг вазифаси маълум қилинмаган.

Асосий камера 108 Мпли бўлиб, унда 5 карра оптик зум кўзда тутилган. Қурилма Qualcomm Snapdragon 865 ёки Exynos 990 процессорида, Android 10 операцион тизими остида ишлайди.

Бармоқ излари сканери дисплейга ўрнатилади.

Samsung’нинг янги қурилмалари тақдимоти 18 февралда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мавзуга оид