Технология | 18:33
493
2 дақиқада ўқилади

Bigme иккита экранли HiBreak Dual 2 смартфонини тақдим этди

Бу смартфонда иккита тўлақонли экран бўлиб, улар корпуснинг ҳар икки томонига жойлаштирилган.

Фото: kickstarter.com

Хитойнинг Bigme компанияси икки экранли HiBreak Dual 2 смартфонини эълон қилди. Кичик думалоқ дисплейли аввалги моделдан фарқли ўлароқ, бу смартфонда иккита тўлақонли экран бўлиб, улар корпуснинг ҳар икки томонига жойлаштирилган.

Бир томонига 6,13 дюймли E-Ink дисплейи ўрнатилган. Унинг оқ-қора версияси 1648 × 824 пиксел аниқлигига эга. Рангли варианти эса унчалик тиниқ бўлмаса-да, минглаб тусларни акс эттиради. Янгиланиш частотаси қўллаб-қувватланадиган режимларда 80 Гц гача етади.

Смартфоннинг иккинчи томонида 1280 × 720 пиксел аниқлигидаги 5 дюймли СК-дисплейни кўрасиз. У видео томоша қилиш, ижтимоий тармоқлар ва ўйинлар учун мўлжалланган. Бу томонда, шунингдек, 50 мегапикселли камера ва юз орқали қулфдан чиқариш функцияси ҳам бор.

Смартфон ичига 12 ёки 16 ГБ тезкор ва 256 ёки 512 ГБ ички хотирага эга MediaTek Dimensity 8300 процессори ўрнатилган. Қурилма Android 16 тизимида ишлайди, бироқ Bigme унга ўзининг дастурий такомиллаштиришларини қўшган.

Автоном ишлаши учун 4450 мА·соат сиғимли батарея масъул. СК-экрандан фаол фойдаланилганда унинг қуввати тахминан бир кунга етади. E-Ink эса деярли қувват сарфламайди, шу сабабли ундан китоб ўқиганда гаджет бир неча баробар узоқроқ ишлайди. Шунингдек, 30 Вт қувватли тезкор зарядлаш функцияси ҳам мавжуд.

Алоқа учун 5G, Bluetooth 5.3 ва Wi–Fi модуллари масъул. Бундан ташқари, стереодинамиклар, қувват тугмасига ўрнатилган бармоқ изи сканери ва стилусни қўллаб-қувватлашини ҳам таъкидлаш жоиз.

Kickstarter платформасида асосий оқ-қора версия 600 доллар туради. Рангли модель ёки 16 ГБ хотирали вариант эса 800 долларга тушади. Тўпламга ғилоф киради, бироқ стилусни алоҳида сотиб олиш керак. Етказиб бериш кузга режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид