Яқинда «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли корхона томонидан берилган эълонга кўзим тушди. Унда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун айрим тавсиялар берилган. Жумладан, аҳолидан бир қатор қўлбола печлардан фойдаланмаслик сўралган. Кўп қаватли уйларда газ плитадан уйларни иситиш мақсадида фойдаланмаслик, суюлтирилган газ солинган маиший баллонлардан уй ичида фойдаланмаслик шулар жумласидан. Қолаверса, ностандарт электр иситиш ускуналаридан фойдаланиш ҳам азалдан тавсия этилмайди.

Бир томондан, бу каби эълонларда мантиқ бор, албатта. Ахир деярли ҳар куни қайсидир вилоятда ис газидан ҳалок бўлган юртдошларимиз ҳақида эшитяпмиз. Аммо масаланинг иккинчи ва оғриқли томони ҳам бор: унда совуқ фаслда уйни нима билан иситиш керак?

Кўп қаватли уйлардан бошлаймиз.

Қоида бўйича кўп қаватли уйлардаги хонадонлар иссиқ сув (отопление) билан иситилади. Иситишнинг энг хавфсиз ва стандарт усули шу. Энди бу борадаги аҳволимизга қисқача тўхталиб ўтамиз.

Шу йил 4 октябрда республика президенти иштирокида аҳолини узлуксиз иссиқ сув ва иссиқлик қуввати билан таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилганди. Йиғилишда бугунги кунда мавжуд қозонхоналар ва иссиқлик тармоқларининг муайян қисми эскиргани, айримлари фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолгани, соҳага ҳозиргача хорижий инвестициялар умуман жалб қилинмагани, мавжуд имкониятлар етарлича ишга солинмагани айтиб ўтилганди.

Йиғилишда айтилганидек, йиллар давомида технологик модернизация ишлари амалга оширилмагани учун соҳа даромадининг 85 фоизи ёқилғи-энергетикага сарфланмоқда. Тармоқдаги йўқотишлар 35–40 фоизга етган. Энергия ресурслари харажати ва тўловлардаги номутаносиблик оқибатида кредитор ва дебитор қарздорлик юзага келмоқда.

Содда қилиб айтадиган бўлсак, иссиқлик манбаи соҳаси оғир аҳволга келиб бўлган. Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маълумотига кўра, республика бўйича 39 мингта кўп қаватли уй бўлса улардан 23 минг 800 тасини иссиқлик билан таъминлаш шарт. Аммо айни вақтда 13 минг 900та кўп қаватли уйга иссиқлик бериляпти, холос.

20 мингдан ортиқ уй иссиқликсиз қолиб кетмоқда. Бу — тан олинган расмий маълумот. Сизнингча, ҳозир бу уйларда иссиқлик ниманинг эвазига таъминланяпти. Юқорида айтилганидек, газ плита билан иситиш мумкин эмас, газ баллондан фойдаланиш мумкин эмас, ўтин ё кўмир печка ўрнатиш-ку умуман мумкин эмас! (Ахир, бу «дом»-ку?!)

Вазият ана шундай бўлгач, кўп қаватли уйларда одамлар қишнинг совуқ кунларида, яшаш учун мумкин бўлмаган барча чораларни қўллашга мажбур. Вариантлардан энг яхшиси, турли электр иситгичлар. Шаҳар марказида, электр таъминоти узилмайдиган ҳудудларда шундан умид қилса бўлади. Ёмони шуки, иссиқлик таъминоти бўлмагач, совуқ тушган заҳоти электр узатиш тармоқлари ва иншоотларида авариялар сони фавқулодда ошиб кетади. Албатта, зўриқишдан.