Сўх тумани марказий шифохонаси капитал таъмирланди
Фарғона вилояти Сўх тумани марказий шифохонаси капитал реконструкция дастурига киритилиб, таъмирланди ва бугун, 25 ноябрь куни фойдаланишга топширилди. Тиббиёт муассасасининг янги, замонавий кўринишдаги биносининг тақдимот маросимида барча соҳалар вакиллари, туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари намоёндалари, кенг жамоатчилик иштирок этишди.
Туман ҳокими Фаррух Усаров соҳа ходимларини ушбу тантана билан табриклаб, тиббиёт соҳасига президент томонидан берилаётган эътибор ҳақида гапирди ҳамда бундай эътибор ва рағбатга муносиб жавоб бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли янги бино ўрнида 1980 йилда туғруқ комплексига мўлжаллаб қурилган бино жойлашган эди ва бу бинода асосан туғруқ бўлими, болалар, жарроҳлик, реанимация ҳамда тез тиббий ёрдам бўлимлари ходимлари фаолият юритишарди.
2019 йил бошида ушбу бино капитал реконструкция дастурига киритилиб, таъмирлаш ишлари учун давлат томонидан 4 миллиард 691 миллион сўм маблағ ажратилди. Реконструкция ишлари туманда фаолият юритаётган «Хушбахти Сўҳробзод» қурилиш фирмаси томонидан ижро этилди. Янги қурилиб фойдаланишга топширилган бинода 35 ўринли туғруқ бўлими, 15 ўринли жарроҳлик бўлими, 15 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, 6 ўринли реанимация бўлими ҳамда янги қурилган қўшимча биноларда диагностика ва жарроҳлик бўлими жойлашган бўлиб, ушбу бўлимлар замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланган.
Тақдимот маросимида сўз олганлар энг аввало, президентга ўз миннатдорчилик сўзларини билдиришди.
«Энди биз соҳа ходимлари кўрсатилаётган шунча эътибор ва ғамхўрликлар учун фақат ва фақат самарали ишлашимиз, фаолият олиб боришимиз лозим», дейди жарроҳлик бўлими бош шифокори Ғайратжон Нурматов.
Тадбирда ҳамшира Аминжонова Гудшодхон Низомовнага «Шуҳрат» медали тантанали равишда топширилди. Шунингдек, фахрий тиббиёт ходимлари ва меҳнатда фаол ходимларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Бинонинг рамзий лентаси қирқилгандан сўнг бош шифокор Икромжон Аҳмадовга рамзий калит топширилди.
«Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, шифохонада фаолият юритаётган тез тиббий ёрдам бўлимнинг таъмирига ҳам давлат томонидан 160 миллион сўм маблағ ажратилган ва ушбу бўлимда ҳам айни пайтда таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти», дейилади Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотида.
Сўх тумани марказидан 40 километр узоқликда жойлашган «Тул» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 51-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам қайта таъмирланиб, маҳалла аҳлига совға қилинди. Тиббиёт масканининг очилиш маросимида иштирок этган маҳалла аҳли бу эътибордан мамнунликларини қайта-қайта такрорлашди. Тадбирда қатнашган туман ҳокими Фаррух Усаров, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ташкилот-муассаса раҳбарлари ҳам тулликларни ушбу янгилик билан табриклашди.
Бу бино 1983 йилда қурилган. 75 ўринга мўлжалланган шифо масканида болалар бўлими, ички касалликлар бўлими, туғруқ бўлими ҳамда тез тиббий ёрдам бўлими жойлашган бўлиб, 10 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатади.
2005 йили ушбу маскан реконструкция қилиниб, ҚВПга айлантирилган эди. Бу йили қишлоқ врачлик пункти қайта мукаммал таъмирлаш дастурига киритилиб, тумандаги «Бинокори моҳир» қурилиш фирмаси томонидан таъмирланди ва энди ҚВП ўрнида 51-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси фаолият юритади. Ҳудуд аҳолисига 7 нафар врач-мутахассис хизмат кўрсатишади. Қайта мукаммал таъмирлаш ишларига ҳукумат томонидан 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Вилоят ҳокими ташрифидан сўнг ушбу масканда эндиликда 10 ўринли кундузги стационар фаолият юритадиган бўлди.
Тадбирда қатнашган барча иштирокчилар шифо масканининг тақдимотидан сўнг бино ичига кириб, ундаги шарт-шароилар билан яқиндан танишишди. Вилоят ҳокимига мурожаат этган фуқаролар яна бир янгиликдан хурсанд: маҳаллада яна битта мактабгача таълим муассаси бунёд этиладиган бўлди.
Мавзуга оид
15:48 / 06.10.2024
“Йилига 300-400 млн сўм даромад оламан” – асалари боқиб тирикчилик қилаётган сўхлик Асалбек ака
20:32 / 26.02.2024
«Бу ерга келиб, ҳам уй-жойли, ҳам автомашинали бўлдим» — Сўхга бориб ишлаётган шифокор
13:03 / 23.01.2024
“Бадбўй ҳидидан нафас оляпмиз” – Сўхда канализация суви ариққа оқмоқда
11:15 / 25.10.2023