Нурали Абдулқосимов Сўх туманидан. Унинг бошидан синовли кунлар ўтди. Рўзғор тебратиш учун чўпонлик ҳам қилиб кўрди. Чорвачиликнинг фойдасидан зарари кўпроқ бўлди. Қарзимдан қутулишда асқатар деб парваришлаётган юзлаб товуқлари эса қирилиб битди.

Қўша-қўша келган омадсизликлар ортидан жигар циррози касалига учради. Оғир дарддан халос бўлиш учун миниб юрган машинаси-ю томорқасигача сотиб, қарз ҳавола билан Ҳиндистонга жўнади. Жигарини алмаштирган Нуралининг бўйнида энди каттагина қарз бор эди.

Қарздан қутулиш учун ўйлай-ўйлай қишлоқлардан қатиқ йиғиштириб келиб, уйида қурут тайёрлаб сотишни йўлга қўйди. Бунинг ортидан қарзларидан узилди. Соғлиги ҳам бирмунча тикланди. Яна машинали бўлди. Энг асосийси, 3 фарзанди бағрида...

Нурали Абдулқосимов

“Сўх туманининг Офтобру қишлоғида яшайман. Ёшим 31 да. Рўзғор тебратиш учун ҳаётнинг аччиқ-чучукларини татидик. Баъзида ишим бароридан келди, баъзида қоқилдим.

Танишларимнинг маслаҳати билан қўй сотиб олиб парваришлай бошладим. Қаршимизда турган улкан тоғларда чорва боқиш учун шароит бор, лекин қирғизлар қўймайди. Чегарадан олиб ўтилган пичанлар эса Сўхда анча қиммат. Хуллас чорвачиликда ҳам ишим ўхшамади. Яна бошқа тадбиркорлик қиламиз деб товуқ боқиб кўрдим. 200 тадан ошиқ товуқ олдик. Тухумини, гўштини сотамиз, ўшани кўпайтирамиз деб ҳаракат қилдим, бўлмади. Қирилиб битди.

Ундан кейин гилам ишлаб чиқараман деб астойдил ҳаракат қилдим. Қишлоқ шароитида қўйларни тўплаб, жунини ўзимизда қайта ишлаб гилам тайёрлашга жиддий киришдим ҳам. Бир йилдан ошиқ вақт сарфладим. Бу ҳам ўхшамади.

Одамнинг бошида ҳар хил ишлар, синовлар бўлар экан. Жигар циррози касалига йўлиқдим. Касалликка чалинганимни билганимдан кейин бутун оила аъзоларим тушкун ҳолатда қолди.

Энди нима қилишни билмай бошим қотди. Фарзандлар бор, улар кўз олдимдан кетмаяпти. Миниб юрган машинам, томорқамни сотдим. Шунда ҳам керакли маблағ тўплай олмадик. Қарз олишга мажбур бўлдик. Маблағни тўплаб, Ҳиндистонга бордик. Энди операциядан тузалиб чиқаманми, йўқми, у ҳам бир муаммо. Жигарини олиб ўзимга ўтказиш учун кичкина қизимни олиб борганман. Қизимдан ташқари яна учта донор билан кетдик.