Light | 23:32 / 26.11.2019
13738
2 дақиқада ўқилади

Болаларнинг тиш пастасини ютиб юбориши қанчалик хавфли экани маълум қилинди 

Россиялик стоматолог-мутахассис Александр Еремин кўплаб ота-оналарни ташвишлантирувчи саволга жавоб берди. Гап болаларнинг тиш пастасини ютиб юбориши қанчалик хавфли экани ҳақида бормоқда. Бу ҳақда “Московская медицина” нашрида маълумот берилди. 

Мутахассиснинг таъкидлашича, тиш пастаси ёки тишларни чайиш воситасининг оғиз бўшлиғидан ичкарироққа тушиши номақбулдир. Чунки бу воситалар таркибидаги фаол моддаларнинг катта миқдори организмга зарар етказиши мумкин. 

Бироқ тиш пастаси ва чайиш воситасида бу моддалар кам миқдорда бўлиб, уларнинг тасодифий ютиб юборилиши хавфли эмас.

Мутахассис фтор сақловчи паста ёки чайиш воситасидан кам миқдорда ютиб юборган болага бир стакан сут ичириб юборишни тавсия қилган.

Унинг қўшимча қилишича, ота-оналар 12 ёшдан кичик болаларнинг тиш ювишларини доим назорат қилишлари лозим.

“Болалар тишини ювиши учун жимжилоғи тирноғидек миқдорда паста бўлиши керак”, деб тавсия қилди мутахассис.

Бундан ташқари, балоғат ёшига етмаган болаларга юмшоқ тиш чўткалари олиб бериш керак, чунки дағал қилли тиш чўткалари тиш эмали ва милкка зарар етказиши мумкин. Шунингдек, табиий қилли тиш чўткаларидан воз кечиш лозим, чунки уларда микроорганизмлар тез тўпланади ва кўпаяди.  

Мавзуга оид