Жаҳон | 15:52 / 27.02.2025
5690
2 дақиқада ўқилади

Хитой тоғларида адашган сайёҳ тиш пастаси туфайли омон қолди

18 ёшли йигит энг хавфли йўналишдан юришга қарор қилган. Бу ҳудудда илгари 50 дан ортиқ сайёҳ йўқолган ёки ҳалок бўлганди.

Фото: Shutterstock/Douyin

Хитойнинг Шенси провинциясидаги Цинлин тоғ тизмасини ёлғиз босиб ўтмоқчи бўлган 18 ёшли Сун Лян йўлдан адашди. У 10 кун давомида қор ва тиш пастасини истеъмол қилиб тирик қолди, деб хабар бермоқда South China Morning Post.

Сайёҳ 8 феврал куни йўлга чиққан. Икки кундан сўнг унинг телефони ва бошқа электрон қурилмалари қуввати тугаб, яқинлари билан алоқа узилган. Сун Лян сой бўйлаб пастга тушишга қарор қилган ва бир неча марта йиқилган, оқибатда ўнг қўлини синдириб олган.

Кучли шамолдан ҳимояланиш учун йигит катта тош ортига яшириниб, қуруқ сомон ва барглардан каравот ясаган. У дарё суви ва эриган қорни ичиб, тиш пастасини истеъмол қилган.

Фото: QQ.com

Сун Лянни 17 феврал куни фавқулодда хизматлар ходимлари топиб олди. Қидирув гуруҳи сайёҳнинг оиласи илтимосига кўра тоғга чиққанди. Таъкидланишича, йигит ушбу ҳудудда йўқолганлар орасида қутқарилган биринчи одам бўлди.

Сўнгги 20 йил ичида бу йўналишда 50 дан ортиқ сайёҳ йўқолган ёки ҳалок бўлган. 2018 йилда маҳаллий ҳокимият сайёҳларга мазкур ҳудудга киришни тақиқлаган, аммо баъзилар барибир у ерга сафар уюштиради.

Мавзуга оид