Жамият | 13:52 / 26.11.2019
10940
1 дақиқада ўқилади

Россияда банкни ўйинчоқ тўппонча билан ўмармоқчи бўлган ўзбекистонлик йигит 9 йилга қамалди

Фото: Александр Подгорчук / Коммерсантъ

Россиянинг Нижневартовск шаҳар суди Ўзбекистоннинг 24 ёшли фуқаросига ҳукм чиқарди. 

У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 162-моддаси 4-қисми «б» кичик бандида (катта миқдорда содир этилган талончилик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Суднинг аниқлашича, 2019 йил январь ойида йигит йирик банклардан бирининг маҳаллий бўлимига борган.

У қўлида ўйинчоқ тўппончани ушлаб, уни банк ходимлари ва банкка келган шахсларга ўқталган ҳамда нақд пул берилишини талаб қилган. Ўша куни бўлимнинг касса хонасида 3 миллион рубль, 12,5 минг АҚШ доллари ва деярли 13 минг евро бўлгани айтилмоқда.

Аммо, банк ходимаси кўрсатилган хонага кириш имконияти йўқлиги тўғрисида айтганидан сўнг, йигит жиноят содир этилган жойдан яширинган.

Суд Ўзбекистон фуқаросини 8 йил-у 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид