Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сотиш учун Тожикистондан 15 кило қорадори ўтказган шахслар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди
Тожикистонлик жиноий шериклари билан тил бириктириб, 15 килограмм қорадорини Ўзбекистон ҳудудига сотиш учун олиб кирган бахмаллик ва ургутлик жиноятчилар қабиҳ ниятларини амалга ошира олмасдан қолишди.
Бахмал туманида яшовчи Ҳ.Э., О.О. ва ургутлик Ш.С. тожикистонлик бир гуруҳ шахслар билан кўп миқдордаги «опий» гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистон Республикасига контрабанда қилиш ва келгусида Самарқанд вилояти ҳудудида сотиб, ноқонуний даромад олиш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктиришган.
Ушбу режага кўра, судланувчи Ҳ.Э. 2019 йил 26 апрель куни Самарқанд вилояти, Ургут тумани «Жартепа» чегара-назорат постидан ўтиб, Тожикистоннинг Панжакент туманига бориб, у ердаги шахслар билан учрашиб, 27 апрель куни 15 кг «опий» гиёҳвандлик воситаси солинган қопни Панжакент туманининг Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти Бахмал тумани билан чегарадош ҳудуди — «Уч қиз» тоғида жиноий шериги О.О.га контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтказиб беришган.
Ўз навбатида О.О. 15 кг «опий» гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олиб, ўзининг яшаш манзили Бахмал туманидаги қишлоғида жойлашган хонадонида яшириб қўйган.
Судланувчи Ш.С. жиноий шериги — тожикистонлик бошқа шахс ҳамда О.О. ва Ҳ.Э. билан кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини Тожикистондан Ўзбекистонга контрабанда қилиш ҳақида олдиндан тил бириктириб, жиноятни содир этилишига ёрдамлашиб, иштирок этган.
Ҳ.Э.нинг акаси Д.Э. ҳамда О.О. жиноий шериклари Ҳ.Э.нинг топшириғига асосан шу куни 13 кг қорадорини Ш.С.га етказиб бериш мақсадида Д.Э.га тегишли бўлган «Нексия» автомашинасида Самарқанд вилояти Булунгур тумани ва Жомбой тумани чегарасидаги ҳудудга олиб келишиб, йўл четидаги ариқ ичига жойлаштиришган ҳамда шу ерда Ш.С. билан учрашиб, О.О. 12880.4 грамм гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида ўтказган.
29 апрель куни Ш.С. ўз бошқарувида бўлган «Ласетти» автомашинасида Тожикистондан Ўзбекистонга олиб кирилган қорадоридан қарийб 13 килограммини келгусида сотиш мақсадида сақлаб қўйиш учун яшаш манзили — Ургут туманидаги қишлоғи томон ҳаракатланиб кетаётганида «гиёҳвандлик воситалари ноқонуний савдосига қарши кураш» юзасидан ўтказилаётган тезкор тадбир давомида ДХХ ходимлари ва Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ «Чўпонота» ЙПХ маскани ходимлари томонидан гумон қилиниб тўхтатилиб, 12880.4 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
30 апрель куни ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида судланувчи Ҳ.Э.нинг Бахмал туманида жойлашган хонадони кўздан кечирилганда, ҳовлидаги токнинг остига кўмиб қўйилган 2056.28 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси топилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг судья Ж.Арслановнинг раислигида ўтган очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши бўйича ҳукм ўқиб эшиттирилди.
Ҳ.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
О.О. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28-, 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилди ва узил-кесил ўташ учун 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ш.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28-, 246-моддаси 2-қисми ва 25-, 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилди ва узил-кесил ўташ учун 13 (ўн уч) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Д.Э. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28-, 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилди ва унга 10 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчиларнинг барчаси ҳукм қилинган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгилаб қўйилди.
Мавзуга оид
12:32 / 09.02.2025
«Орият» ва «Қорадори» кенг кўламли тадбирларида 94 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди
15:40 / 05.02.2025
112 кг наркотик ва 330 минг доллар – Ўзбекистон бўйлаб «Қорадори» тадбирлари ўтказилмоқда
18:41 / 14.04.2024
Ургутда машинасидан қорадори топилган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди
11:38 / 30.05.2022