ДХХ ҳамда ИИВ тузилмалари томонидан 5-7 февраль кунлари мамлакат миқёсида «Орият» ва «Қорадори» кенг кўламли тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
7 февраль куни ўтказилган «Орият» кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари давомида ахлоқ ва соғлиққа қарши қаратилган жиноятларни аниқлаш, ОИВ (ОИТС) ва бошқа турдаги юқумли, тери-таносил касалликлари тарқалишининг олдини олиш мақсадида сауналар, SPA салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар, тунги клублар ва бошқа жамоат жойларида ҳамкорликдаги тадбирлар олиб борилди.
Тадбирлар доирасида 340 та объект текширилиб, аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган 2957 нафар шахслар билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва мобил тарзда шифокор кўригидан ўтказилиб, тегишли тиббий хулосалар олинди.


Аниқланган ҳолатлар бўйича қўзғатилган 93 та жиноят иши доирасида 94 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. 153 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 1920 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилди ҳамда уларнинг 766 нафари расмий огоҳлантирилди.
«Қорадори» кенг кўламли тадбирларининг иккинчи босқичида жами 640 та махсус тезкор тадбир доирасида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш, сақлаш, истеъмол қилишда гумон қилинган 1401 нафар шахс билан тезкор ва профилактик огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида қарийб 29 кг гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари) ҳамда 9421 дона кучли таъсир қилувчи ва психотроп дори воситаларининг аҳоли орасида тарқатилиши тўхтатилди. 18 та ноқонуний ўқотар қурол ва 126 дона совуқ қуроллар аниқланди.


Шунингдек, 339 нафар шахсга нисбатан 269 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 119 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 53 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 656 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 234 нафари расмий огоҳлантирилди.
















