Ўзбекистон | 19:49 / 27.11.2019
11522
2 дақиқада ўқилади

«Клиплар учун лицензия бермаймиз» — «Ўзбекконцерт» директори

Бахтиёр Сайфуллаев ва Одилжон Абдуқаҳҳоров/Фото: KUN.UZ

 Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ҳамда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров хонанда Лола Йўлдошеванинг интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «Севгингни менга айт – 2» қўшиғи клипига муносабат билдирди.

 «Лоланинг мазкур клипини ҳар хил талқин қилиш мумкин. Вазир кўрмас экан, деб ўйламанглар. Кузатиб борамиз ва муҳокама қиламиз. Клипни яхши ҳам, ёмон ҳам дейиш мумкин. Шахсий фикрим - клип менга ёқмади», дея Маданият вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган очиқ мулоқот давомида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров ҳам ушбу клип борасида ўз муносабатини билдирди.

 «Лола бу клипни Ўзбекистон фуқароси сифатида олиб чиқарди, десак бўлади. Қонуний жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Лоланинг лицензия муддати 2018 йил 29 августда тугаган. У шундан кейин лицензия олиб, фаолият юритмаяпти.

 Хонанда клипдаги воқеалар бундан 5 йил аввалги ҳолат эканлигини ўзининг инстаграм саҳифасида эълон қилди. Алоҳида таъкидлаш керакки, муассасамиз томонидан клиплар бу тарзда қабул қилинмайди ва ҳозирда бундай кенгаш фаолияти йўлга қўйилмаган. Тўғри, икки йил олдин клипларни баҳолайдиган кенгаш мавжуд эди. Айни пайтда эса йўқ.

 Лола чиқарган клип телевидениедаги бадиий кенгаш фаолиятига қаратилган, деб ўйлаймиз. Чунки бизда клиплар кенгаши фаолият юритмаяпти. Шунингдек, ташкилотимиз клиплар учун ҳеч қачон лицензия бермаган ва бермайди ҳам», дейди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Мавзуга оид