Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бўлди.

Маълумот учун: Исматулла Раимович Эргашев, 1960 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, дипломат, мутахассилиги бўйича шарқшунос-филолог. Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Ўзбекистоннинг Хитой, Озарбойжон каби давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритган.

– Исматулла ака, таржимаи ҳолингизга назар ташласак, умрингизнинг 40 йилдан ортиғини айнан Афғонистонни ўрганишга, шу давлат муаммоларини ечишга сарфлаганингизни кўришимиз мумкин. Айтингчи, кечаги Афғонистон билан бугунгисининг фарқи нимада?

– Бу савол, яъни Афғонистондаги вазият муштарийларни, бизнинг халқимизнигина эмас, балки бутун дунё ҳамжамиятни ўйлантираётган энг катта муаммолардан биридир. Чунки бу давлатдаги ҳолатнинг минтақавий, глобал миқёсдаги таъсири жуда кучли. Вазият мураккаб, зўравонлик, зиддият, ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, миллионлаб афғонлар муҳожир, ўз давлати ичида ҳам қочқин бўлишга мажбур. Бу кулфат авваломбор ўша жафокаш афғон халқига мусибатдир. Лекин шунча йиллик урушларга қарамай афғон халқи тинчлик ва осойишталик ўрнатишга бўлган умидини узмаган.

Яқинда Афғонистон мустақиллигининг 100 йиллиги нишонлангани шоҳиди бўлдик. Бу байрамда ўзбек ва афғон халқлари ёндош-жондошлигини яна бир бор ҳис қилдик. Чунки бу икки халқ асрлар давомида Амударёнинг икки соҳилида яшаб, бир-бирларига чамбарчас боғланиб кетган. Муштарак динимиз, тилимиз, урф-одатларимиз, тарихимиз, буюк аждодларимиз халқларимизни бирлаштириб туради. Сўнгги 18 йилда давом этаётган уруш даврида ҳам ўз орзу-умидини йўқотмаган афғон халқи шу қийин ҳолатда ҳам ўз давлатчилигини тузмоқда, ўз қонунчилигини яратмоқда.

Афғонистонликлар яқинда президент сайловларини ўтказишди. Тўғри, сайловлар тўлақонли, халқ истаганидек бўлмади, нотинчликлар соя солиб турди, кўпчилик сайловларда қатнаша олмади. Аммо шунга қарамай 2 миллиондан ортиқ киши бу сайловда иштирок этди. Биз афғон халқининг танловини чуқур ҳурмат қилган ҳолда ҳозирги ва келажакда келадиган ҳукумат билан ҳам дўстона муносабатларни давом эттириш