Мақсуда Ворисова, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 91-Зангиота сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Эътироф этиш керакки, кейинги йилларда давлат халққа яқинлашди, халқ учун ишлай бошлади. Амалга оширилаётган ишлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мақсад ва вазифаларига мос келади.

Ижтимоий демократик давлат барпо этишни олий мақсади, деб биладиган Халқ демократик партияси ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ва ижтимоий демократия ғояларидан иборат бўлган мафкурасини рўёбга чиқариш йўлида янги сайловларда сиёсий кураш майдонига кирди.

Ижтимоий адолат дунёда кенг тарқалган ижтимоий ғоялардан биридир. Уни умуминсоний     қадриятлар сирасига киритиш мумкин. Ижтимоий адолатнинг аниқ мазмуни, унинг номланиши тарих мобайнида ўзгариб турган. У аслида барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсон ҳаёти ва яшаши кафолатларининг таъминланиши, ижтимоий ҳимояланганликнинг юқори даражаси, ҳар бир меҳнатга лаёқатли инсоннинг иш билан таъминланиши, муносиб иш ҳақи олиши, фуқароларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортдан баҳраманд бўлиши, ногиронлиги бор кишилар ва етим болаларнинг, кам таъминланган инсонларнинг ижтимоий ҳимояланиши кабиларни ўз ичига олади. Ўзбекистон ХДП ҳам ана шундай эзгу ғояларни илгари суради.

Бугунги кунда ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, ривожланиши, бунёдкорлик ишлари билан фаол шуғулланиши, турмуш мазмунининг бойишига эришишдан иборат. Адолатли жамият ҳамиша аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олади. Жамият доимо олдинга интилавераркан, у билан бирга онг ҳам тинимсиз ўзгариб бораверади.

Улуғбек Вафоев, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, 60-Пайариқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод:

– Партиямизнинг Сайловолди дастурида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ойлик маошлар, пенсия ва ижтимоий нафақаларни босқичма-босқич ошириб бориш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, қишлоқларда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлар этиб белгиланган.