Меъда қайнаши нима ва унинг аломатлари қандай?
Меъда қайнаши (жиғилдон қайнаши, зарда) — ошқозон ичидагилар қизилўнгачга етганда содир бўладиган жараён. Ошқозонда кислотали меъда шираси мавжуд. У овқатни ҳазм қилиш учун керак. Ушбу шарбатнинг маълум бир қисми қизилўнгачгача етганда ёқимсиз куйиш, ачишиш ҳисси пайдо бўлади. Айтиш мумкинки, қизилўнгач ошқозон кислотасини ёндириб юборади.
Одатда ошқозон таркибидаги моддаларни унинг махсус клапани (сфинктер) ташқарига чиқармайди. Аммо баъзида унинг фаолиятида узилишлар юз бериши мумкин.
Ошқозондан қизилўнгачга кислотанинг кириб бориши гастроэзофагэал рефлюкс деб аталади, халқ тилида эса жиғилдон қайнаши деб юритилади.
У кўкрак қафаси ўртасида ёниш ҳисси ва оғизда ёқимсиз нордон таъм сезилиши билан намоён бўлади. Эгилиш ёки ётиш ҳолатида янада кучаяди. Баъзида ҳиқичоқ, оғиздан нохуш ҳид ёки қорин соҳасида ноқулайлик билан бирга кечади.
Меъда қайнаши нега пайдо бўлади?
Жиғилдон қайнаши вақти-вақти билан ҳар бир одамда кузатилиб туради. Бу унчалик ҳам даҳшатли ҳолат эмас. Эҳтимол, ёқимсизлик кузатилар. Қуйида зарда қайнашини қўзғатувчи баъзи омилларни келтирамиз:
- Овқат ва ичимликлар. Масалан, қаҳва ёки газли сув, ёғли ва аччиқ таомлар.
- Ҳомиладорлик. Ҳатто шундай атама ҳам бор - ҳомиладор аёллардаги меъда қайнаши. Бу аёлларда ўсаётган бачадон туфайли органларнинг жойлашуви ўзгариши билан боғлиқ.
- Вазн орттириш, чекиш ва алкогол. Ҳа, бу учала зарарли одатлар жиғилдонга ҳам таъсир кўрсатади.
- Баъзи дори воситалари. Агар дори-дармонларни қабул қилиш натижасида зарда кузатилса, шифокорингиз билан гаплашинг. У дори воситасини муқобилига алмаштириши ёки жиғилдон қайнашидан халос бўлиш учун қўшимча дори воситасини ёзиб бериши керак.
- Стресс ва хавотирга берилиш.
Меъда қайнаганда нима ёрдам беради?
Биринчидан, овқатланиш одатларини ўзгартиришингиз керак. Камроқ ва тез-тез таомланинг, шунда кичик қисмлар «ортга қайтиб чиқмайди». Соғлом овқатланишга амал қилинг ва қаҳвага боғланиб қолманг.
Иккинчидан, уни келтириб чиқарган омиллардан халос бўлишимиз лозим. Масалан, вазн йўқотишни бошланг ва чекишни ташланг.
















