Жамият | 14:55 / 07.12.2017
38607
2 дақиқада ўқилади

Жиғилдоннинг кўп қайнашига бефарқ бўлманг!

Фото: ОкейДок

Жиғилдон қайнаши ҳаддан ташқари кўп кузатилса, бу ошқозон саратонидан далолат бериши ҳам мумкин. Шу билан бирга, шўр маҳсулотлар ва қизил гўштни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ушбу касаллик хавфини оширади. "Ортодокс" тиббий портали шу ҳақида маълум қилди. 

Афсуски, ошқозон саратони кўпинча охирги босқичларида аниқланади, бундай ҳолатларда эса беморнинг шифо топиши жуда қийин. Бу касалликнинг илк босқичларини фарқлаш қийинлиги билан боғлиқ, кўпчилик уларга жиддий эътибор бермайди. Бироқ булардан бири жиғилдоннинг кўп қайнашидир. 

Британиялик олимларнинг таъкидлашича, агар инсоннинг ҳар овқатланганидан кейин жиғилдони давомли қайнаса, гастроэнтерологга учрашиш фойдадан холи бўлмайди. 

Ошқозон саратонининг бошқа белгилари қорин соҳасидаги оғриқлар, ҳатто озгина таом истеъмолидан кейин ҳам тўқлик ҳисси кузатилиши, шунингдек ютинганда қизиб кетиш ҳисобланади.

Ахлатда қон пайдо бўлиши, кўпинча овқатнинг ҳазм бўлмаслиги ва кутилмаганда нафас сиқиши каби белгилар кузатилса, дарҳол шифокорга учрашиш зарур. 

Ошқозон саратони ривожланиш омилларига шўр таомлар, спиртли ичимликлар ҳамда қизил гўштнинг меъёрдан ортиқ истеъмоли ва жисмоний ҳаракатларнинг йўқлиги киради. Ошқозон саратони ушбу органнинг ҳар қандай соҳасида бошланиши мумкин, бироқ даволаниш кўпинча ўсимта жойлашган жой ва унинг ҳажмига боғлиқ. Ошқозон саратони ривожланиш хавфи юқори бўлган гуруҳга эркаклар, кўп тамаки чекувчилар ва 75 ёшдан ошган кишиларни киритиш мумкин. 

Ошқозон саратони асосан жарроҳлик операциялари, кимё терапияси, нурлантириш ҳамда биотерапия ёрдамида даволанади. Кичик ўсимталарни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш мумкин, бироқ каттароқлари комплекс даволашни талаб қилади.

Мавзуга оид