Масацугу Асакава Осиё тараққиёт банкининг янги президенти этиб сайланди
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилари кенгаши бир овоздан Масацугу Асакавани ОТБнинг янги президенти этиб сайлашди.
Масацугу Асакава 61 ёшда бўлиб, ҳозирда Япония Бош вазирининг ва молия вазирининг махсус маслаҳатчиси лавозимида ишламоқда. У 2020 йил 17 январда ОТБнинг 10-президенти сифатида иш бошлайди. У бу лавозимда Такехико Накао ўрнини эгаллайди. Жаноб Асакава президент Накаонинг 2021 йил 23 ноябргача бўлган ҳали тугамаган лавозим муддатини якунлайди.
«Жаноб Асакаванинг халқаро молия ва ривожланиш соҳасидаги улкан ва хилма-хил тажрибаси ОТБнинг ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришиш борасидаги мақсадларини амалга оширишда ҳисса қўшади. ОТБ Бошқарувчилари кенгаши жаноб Асакава билан биргаликда самарали ишлашга умид қилмоқдалар» - деди Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири ва ОТБ Бошқарувчилари кенгаши раиси жаноб Хонг Нам-Ки.
Деярли қирқ йиллик фаолияти давомида Масацугу Асакава Япония молия вазирлигида бир қатор юқори лавозимларда, шу жумладан молия вазирининг ташқи ишлар бўйича ўринбосари сифатида ишлаган ва ривожланиш сиёсати, валюта бозорлари ва халқаро солиқ сиёсати бўйича турли хил касбий тажрибага эга.
У 2019 йилда Япониянинг Осака шаҳрида бўлиб ўтган G20 саммитида ва Фукуока шаҳрида бўлиб ўтган G20 молия вазирлари ва марказий банк бошқарувчиларининг йиғилишида молия вазирининг ўринбосари лавозимини эгаллаган. Бундан ташқари, глобал молиявий инқироздан сўнг бўлиб ўтган G20 раҳбарларининг биринчи саммитида у ўша пайтдаги бош вазир Таро Асонинг ижрочи ёрдамчиси сифатида иштирок этган. Асакава 2011 йилдан 2016 йилгача Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти билан, шу жумладан Фискал масалалар бўйича қўмита раиси сифатида яқиндан ҳамкорлик қилди.
Асакава 2012 йилдан 2015 йилгача Токио университетида ва 2006 йилдан 2009 йилгача Сайтама университетида ташриф буюрган профессор сифатида ишлаган.
У 1981 йилда Токио университетида санъат бўйича бакалавр ва 1985 йилда Принcетон университетида магистр даражасини олган.
ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади. 2018 йилда ОТБ умумий қиймати 21,6 млрд. АҚШ долларига тенг янги қарзлар ва грантлар ажратди. ОТБ 1966 йилда ташкил топган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзоликка эга ва улардан 49таси минтақада жойлашган давлатлардир.
Мавзуга оид
13:28 / 16.04.2024
Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича янги прогнозларни тақдим этди
07:44 / 10.02.2022
ОТБ Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш учун маблағ ажратади
07:35 / 08.02.2022
Профессионал таълим соҳасига 162 млн доллар жалб этилади
09:55 / 03.02.2022