Жамият | 19:50 / 04.12.2019
3471
2 дақиқада ўқилади

Сифати кафолатланмаган 778 миллион сўмлик дори ва тиббиёт воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Сергели туманида тезкор тадбир ўтказишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда

Тадбир давомида фуқаро Х.З.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида текширилди. 

Текширув давомида мазкур хонадонда сақланаётган, фуқаро Р.О.га тегишли бўлган “Нексия 3” русумли автоуловнинг ички қопламалари орасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 177,2 миллион сўмлик 726 дона дори воситалари яширилганлиги фош қилинди.

Шундан сўнг ушбу хонадондаги яна бир автомашина – фуқаро Қ.Ф.га тегишли “Ласетти” ҳам кўздан кечирилди ва автомобиль салон ички қопламалари орасида хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 510 миллион сўмлик 3400 дона дори воситалари яширилганлиги аниқланди.

Тадбир давомида,умумий қиймати 687 млн 230 минг сўмлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди. 

Шунингдек, Зангиота туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.Н.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада мазкур хонадонда тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 90,3 миллион сўмлик дори воситалари ва тиббиёт анжомлари ноқонуний сақлаётганлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид