Жамият | 13:11 / 05.12.2019
14002
3 дақиқада ўқилади

4та вилоятда қотиллик, 3тасида оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайган – Ички ишлар вазири ўринбосари

Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Ҳотамов кейинги вақтларда содир этилаётган қотиллик ва тан жароҳати етказиш жинояти ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг таҳлили жойларда ҳануз ўзаро адоват ёки келишмовчилиги бўлган шахсларни аниқлаш ва мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётганини кўрсатаётганини таъкидлади.

«Жорий йилннг 9 ойи мобайнида оила-турмуш муносабатлари замирида 108та қотиллик, 115та оғир тан жароҳати етказиш жинояти содир этилган. Шу турдаги қотилликлар Тошкент, Навоий, Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятларида, оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятларида кўпайган.

Шахслар ўртасидаги низо ва келишмовчиликларга ўз вақтида барҳам берилмай келинаётгани туфайли оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони Тошкент, Навоий, Фарғона вилоятларида ошган», дея Рустам Ҳотамовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида республиканинг 4598та маҳалласида жиноят содир этилган.

«Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини вақтида олиш борасида эришилган ижобий натижалар билан бирга айрим йўналишлар бўйича камчиликлар сақланиб қолмоқда. Биринчидан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида республиканинг 4598та маҳалласида жиноят содир этилиб, шундан 1498тасида жиноятлар сони ошган. Хусусан, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Сирдарё вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида жиноятлар сони ошган маҳаллаларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда. Бу эса маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги ишларга масъул бўлган тегишли идораларнинг фаолияти етарли ташкил этилмаганидан далолат беради», дейди Рустам Ҳотамов.

Сенат қўмитасининг мажлисидаги ҳисоботида инсоннинг ўлимига ёки ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлаётган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлаётган «авария»ларга йўл қўймаслик мақсадида ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини оширишга қаратилган мақсадли тарғибот-ташвиқот тадбирларига ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва кўнгилли асосда иштирок этувчи ёшлар кенг жалб этилиши таъкидлаб ўтилди.

Аввалроқ профилактика инспекторларининг 55 фоизида кишан йўқлиги, Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари томонидан мамлакат фуқароларига паспорт бериш йўлга қўйилиши кутилаётгани, «участкавой»ларга берилган автомобилларнинг харажати новвой ва сомсачиларнинг бўйнидалиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид