– Рустам Абдуғаниевич, ички ишлар вазирининг кадрлар масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган даврингизда «тизимни нопок ходимлардан тозалаш замон талаби», «кадрларни тўғри танлашимиз керак», деб айтгансиз ва ўша пайтларда бутун республика бўйлаб ички ишлар тизимида «катта тозалаш» амалга оширилганди. Кадрлар тизимидаги ўзгаришлар қандай натижа берди?

– Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил топганининг 30 йиллик байрами арафасида турибмиз. Қисқача айтиб ўтганда, 30 йил мобайнида мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида ички ишлар органлари жуда оғир даврларни бошдан кечирган. Сабаби – ўша пайтларда жиноятчилик, айниқса, уюшган жиноятчилик турлари авж олган бўлиб, республика бўйича кунига юзлаб, ҳатто минглаб жиноятлар содир этилганининг гувоҳи бўлганмиз.

Мана шу вақтларда ички ишлар органлари ходимлари соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйиб, жиноятчиликка қарши аёвсиз кураш олиб боришган. Яъни мамлакатимизда бугун ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик таъминланиши йўлида жуда катта меҳнат қилишган.

Амалдаги давлат раҳбари президент сифатида фаолият бошлаган пайтда қабул қилинган илк қонунлардан бири бу – «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун бўлган. Бу бекорга эмас. Ички ишлар органларидаги ислоҳотлар ҳақиқатда ўша пайтдаги энг долзарб масалалардан бири бўлган. Сабаби сўнгги 5 йилдан аввалги даврда ички ишлар органлари жазоловчи идора бўлган бўлса, Шавкат Мирзиёев президент сифатида иш бошлаган илк кунларданоқ мутлақо янгича ички ишлар органларини шакллантириш, яъни қонун устуворлигини таъминлайдиган, ҳар қандай ҳолатда халқ манфаатига хизмат қиладиган, ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш бўйича топшириқ берган.

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонун, соҳага доир президент фармон ва қарорларида тизимни тубдан такомиллаштириш, уни халққа яқин қилиш, халқ билан бевосита мулоқотга кириб, унинг дард-у ташвиши билан яшайдиган тузилмага айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди.