Пастдарғомлик илғор фермерлар машина билан мукофотланди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Паст Дарғом туманида ҳам қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кўтаринкилик билан ўтказилган.
Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, тадбирда қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантиришда бошқаларга ибрат бўлаётган фермерлар, пиллакор ва пахтакорлар, боғбонлар, чорвадор, томорқачи ва ғаллакорлар, соҳага тегишли корхона, ташкилотлар, илғор ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишган.
Тадбирда туман ҳокими Ш.Худойбердиев сўзга чиқиб, деҳқон ва фермерларни ушбу айём билан самимий қутлаган. Шундан сўнг кўп йиллик самаралари ҳалол меҳнатлари ва мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга ошираётган эзгу хизматлари учун фермер ва деҳқонлар шунингдек, бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимлари туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланган.
Улар орасидан йил давомида фермерлик фаолиятини яхши ташкил қилган, қолаверса, давлатга пахта сотиш режасини ортиғи билан бажарган икки фермер хўжалиги — «Сайфиддин Шербек Шерюрак» ҳамда «Темур Аҳмад пахта даласи» ҳамда йил давомида фаоллиги билан бошқаларга ибрат бўлган иккита «Бобур» ҳамда «Қўчқор Тўраев» муқобил машина трактор парклари раисларига туман ҳокимлиги томонидан енгил автомобиллар совға қилинган.