Ўзбекистон | 09:12 / 09.03.2026
4882
2 дақиқада ўқилади

ДХХ тезкор тадбирларида икки нафар шахс пул олаётган вақтда ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида пора ва фирибгарлик билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди.

Фото: ДХХ

Хусусан, ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилояти бошқармаси Пастдарғом туман филиали кадастр муҳандиси ўзининг ваколатли танишлари орқали маҳаллий фуқарога тегишли 2 сотих ер майдонининг кадастр паспортини давлат рўйхатидан ўтказиб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур муҳандисга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Шунингдек, ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Шеробод тумани давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспектори вилоят Иқтисодий судида кўрилаётган иқтисодий иш доирасида боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига нисбатан эгалик ҳуқуқини тиклаб бериш эвазига 1983 йилда туғилган фуқародан 10 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Фуқаролар бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда ДХХнинг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиши мумкин. Шахсининг сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид