Жаҳон | 19:32 / 08.12.2019
4560
3 дақиқада ўқилади

Тадқиқот: аҳолининг доимий кафолатланган даромадга эга бўлиши иқтисодиётни икки бараварга ривожлантиради

Фото: Unsplash

АҚШнинг Принстон, Беркли ва Сан-Диегодаги Калифорния университетлари мутахассислари доимий кафолатланган даромад (ДКД)нинг самарали эканлигини исботлашди.

Inverse нашрининг ёзишича, мутахассислар Кения ғарбидаги қашшоқ аҳоли масканларидан бирида кенг миқёсли тажриба ўтказди. Тадқиқот давомида 10 500 оила саккиз ой мобайнида доимий равишда пул билан таъминлаб келинди. Тадқиқот даврида ҳар бир оилага 1000 доллардан пул берилди. Сўнгра ДКДнинг самарасини баҳолаш учун сўров ўтказилди.

Маълум бўлишича, кафолатланган даромад нафақат уни олувчилар, балки бутун жамият учун фойдали экан.

Ҳар ойда пул олган оилалар зарур маҳсулот ва хизматлар учун кўпроқ пул сарфлади, бунинг эвазига улар яшайдиган масканда савдо ҳажми ўсди. ДКД учун берилган ҳар бир доллар иқтисодиётнинг 2,6 долларга ўсишига олиб келди.

ДКДнинг жорий этилиши инфляциянинг ўсишига олиб келиши борасидаги хавотирлар тасдиғини топмади, ҳар ойда пул олиб турганлар уни ноўрин, масалан, алкоголь ёки қимор ўйнашга сарфламади. Бунинг ўрнига улар пулларни фарзандлари ўқиши ёки ўз бизнесини юритишга сарфлашни маъқул кўрди.

Шундай қилиб, ДКД нафақат ижтимоий адолатни тиклашга ёрдам бериши, балки бутун иқтисодиётнинг ўсишига олиб келиши исботланди.

Кениянинг қишлоқ жойидаги тадқиқот натижаларини ривожланган давлатларга автоматик равишда мослаш нотўғри бўлади. Масалан, ҳисоб-китобларга кўра, АҚШда ДКДнинг самара бериш коэффициенти 2,6 эмас, 1,8ни ташкил этади. Аммо шунга қарамасдан, мана шу рақам ҳам ушбу тажрибани жорий этиш тўғрисида жиддий ўйлашга мажбур қилади. 

Яқин келажакда Буюк Британияда ДКД билан боғлиқ тажриба ўтказилиши мумкин. Бу лейбористлар партиясининг сайловолди дастурида кўзда тутилган.

Доимий кафолатланган даромад – давлат ёки бошқа институт томонидан маълум бир жамиятнинг ҳар бир аъзосига мунтазам равишда маблағ бериб туришни назарда тутувчи ижтимоий концепция. Маблағ даромадидан қатъи назар жамиятнинг барча аъзоларига берилади ва улардан бунинг эвазига иш бажариш талаб қилинмайди.

2016 йилда Европада ўтказилган сўровларга кўра, Евроиттифоқнинг 64 фоиз аҳолиси ДКД жорий этилишини қўллаб-қувватлаган. Одамларнинг фикрича, бундай ижтимоий тўловлар «базавий маблағга эҳтиёж борасидаги хавотирни пасайтиради» ва барчани тенг имкониятлар билан таъминлашга ёрдам беради.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид