Бугун, 10 декабрь куни Тошкентда “Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш: миллий тажриба ва халқаро амалиёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) билан биргаликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар, бир қатор давлат ва нодавлат тузилмалари вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова хотин-қизлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш учун таъсирчан тизим яратишда Ўзбекистон тажрибасига тўхталиб ўтди ва бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп эканлигига урғу берди.

“Ҳеч бир вилоят бизнинг ҳудудимизда аёллар томонидан жиноят, ҳуқуқбузарлик содир этилмади, дея мақтана олмайди, ёки ҳеч бир вилоят ҳудудимизда аёл, эркак, қиз ёки ўғил бола ўз жонига қасд қилмаган, дея мақтана олмайди. Демак, ҳали олдимизда жуда жиддий масала турибди. Ўзбекистонда кўп ишлар қилинган, бироқ бундан ҳам кўп иш қилишимиз керак”, - деди Артикова.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бош маслаҳатчиси Нодира Шотурсунова 2019 йил 2 сентябрида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг амалиётга татбиқ этилиши борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.

“Хотин-қизлар ҳуқуқлари борасида ишлаб чиқилган иккита қонунни амалиётга татбиқ этиш учун ўн йилга мўлжалланган стратегия ишлаб чиқиляпти. У ижтимоий-сиёсий, иқтисод, бандлик ва меҳнат миграцияси, таълим ва бошқа соҳалардаги гендер тенглик йўналишларига бўлинган. Ҳозир ишчи гуруҳ стратегия устида иш олиб боряпти. У келаси йилнинг январь ойида қабул қилиниши белгиланган.

Айни вақтда зўравонлик ва тазйиққа учраган аёллар билан ишловчи мутахассислар ёки давлат вакиллари, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ва психологлар учун қўлланмалар ишлаб чиқиляпти”, - деди Нодира Шотурсунова.

Давра суҳбатида хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабабларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, тадбирнинг биринчи сессияси доирасида гендер омилини ҳисобга олган ҳолда жиноий фаолиятга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ва миллий амалиёт кўриб чиқилди.