Ўзбекистон | 23:49 / 11.12.2019
12525
3 дақиқада ўқилади

Партиялар ҳаво ва темирйўл транспорти монополияси ҳақида қандай фикрда?

Партияларнинг монополияни тугатиш бўйича бер(ма)ган таклифлари норозиликларга сабаб бўлди

10 декабрь куни «Демократик дебат» ток-шоусида ички ва ташқи миграция, меҳнат муҳофазаси ва мигрантларнинг пенсия таъминоти масалалари муҳокама қилинди.

x6sI-fIsGgJYZuhWaqSwb9Uc6FwhAsns.jpg (1151×745)

Муҳокама давомида Kun.uz мухбири ўзбекистонлик мигрантлар иштирокида юзлаб автоҳалокатлар содир бўлаётгани, уларнинг хавфсиз ҳаво хизматидан фойдаланишига эса самолёт чипталари қимматлиги, лоукостерларнинг бозорга киришига қаршилик қилинаётганини айтиб, сиёсий партиялар вакилларидан соҳадаги монополияни йўқотиш борасида аниқ таклифлар сўради.

Бахтиёр Руҳиддинов, Ўзбекистон либерал демократик партияси вакили:

– Биз темир йўл ва ҳаво хизмати кўрсатишдаги монополияни тугатиш бўйича ва бу борада хорижий инвестицияларни, давлат хусусий шерикчилигини ривожлантириш тарафдоримиз.

Партиямиз кўпроқ хорижий авиакомпанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш орқали чипталар нархини тушириш ва кўрсатиладиган хизмат сифатини оширишни таклиф қилади.

Фарҳод Ишанқулов, «Адолат» социал демократик партияси вакили:

– Партиямиз соҳада монополияни тугатиш ва унга рақобат муҳитини олиб киришни ёқлайди. Бундай муҳитни олиб кириш учун қонунчиликда рақобат муҳитини акс эттириш, яъни хусусий секторга ҳам рухсат бериш керак.

Амалдаги қонунчилигимизда хусусий сектор келиб ишлаши учун етарли ҳуқуқий асос йўқ.

Нодиржон Мухторов, «Миллий тикланиш» демократик партияси:

– Ўзбекистонда самолётларга ишлатиладиган керосиннинг 1 тоннаси нархи 1200 доллар, чет эл авиакомпаниялари эса шу ёқилғини 700 доллардан сотиб олади. Ўзбекистонда аэропортни ижарага олиш 20 минг доллар, Европада бу нарх 3 минг доллар. Хўш, муаммо қаерда?

Чет эл авиакомпаниялари Ўзбекистонга келиб ишлаши учун ҳаммага тенг шароит яратиб бериш керак.

Иккинчи таклиф: Монополистик фаолиятнинг бир нечта тури бор. Жиноят кодексида фақат 2та фаолият тури учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Қозоғистон, Россия, Жанубий Корея каби давлатларда 7та монополистик фаолият тури учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Навбатдаги беш йилликда бошқа монопол фаолият турлари учун ҳам жиноий жавобгарликни белгилаш керак.

Боймурод Юсупов, Халқ демократик партияси вакили:

– Ҳозирги вақтда мигрантлар давлат иқтисодиётига 5 млрд инвестиция киритмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, миллий авиакомпания томонидан мигрантлар учун амалдагидан кўпроқ имтиёзлар турини жорий қилиш лозим.

Ислом Хушвақтов, Ўзбекистон экологик партияси вакили:

– Бизда фақат энергетика соҳасини монополиядан чиқариш таклифи бор.

Қайд этиш жоиз, дебат вақтида партиялар вакиллари томонидан ҳаво ва темир йўл транспорти хизмати соҳасидаги монополияни тугатиш, соҳага ҳақиқий рақобат мухитини олиб кириш ҳамда хизмат сифатини ошириш борасида ишончсиз ва умумий гапларга асосланган фикрлари томошабинлар томонидан норозилик билан кутиб олинди.

Мавзуга оид