Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
Йил бошидан бери электромобиллар импорти учун кетма-кет тўсиқлар яратиб келинмоқда. Ва бу – электромобилларни маҳаллийлаштириш бошлангани фонида юз беряпти. Жисмоний шахслар номидан тижорат мақсадида автомобил олиб кириш тақиқланиши, сертификатлаш нархининг ошиши ва қийинлаштирилиши, электромагнит текшируви кабиларнинг жорий қилиниши ички бозорда электрокар нархларини сезиларли қимматлаштирди.
Кўплаб ривожланган мамлакатлар потенциал экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ички ёнув двигателларида ишлайдиган машиналардан аста-секин воз кечиб, электр токи билан қувватланадиган автомобиллардан фойдаланишга урғу беряпти.
Бу борада Ўзбекистонда ҳам яхши тенденция кузатилди. Бу хориждан электромобил импорт қилишнинг арзонлаштирилгани билан ҳам боғлиқ эди. Хусусан, 2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобил импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июл ойига бориб акциз солиғи ҳам олиб ташланганди.
2024 йилгача электромобил импорт қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилиб келинаётганди:
- ҚҚС – автомобил божхона қийматидан 12 фоиз;
- утилизация йиғими – агар электромобилнинг ишлаб чиқарилган муддати 3 йилдан ошмаган бўлса, БҲМнинг 30 баробари (11 млн 250 минг сўм), 3 йилдан ошган бўлса, БҲМнинг 90 баробари (33 млн 750 минг сўм) миқдорида;
- божхона расмийлаштируви бўйича йиғим электромобилнинг қийматига қараб БҲМнинг 1 баробаридан 3,5 баробаригача (375 минг – 1 млн 312 минг сўм оралиғида).
Хусусий импортни чеклаш учун ташланган қадамлар
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ижобий қадамлар ташламоқда. Шу жиҳатдан ҳам бўлса керак, электромобил импортига нисбатан тариф чекловлари кучайтирилмади. Аммо жорий йилдан бошлаб турли хил нотариф тўсиқлар билан якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан олиб кирилаётган электромобиллар импортини чеклашга қаратилган қатор қоидалар жорий қилинди.
“Ўзавтосаноат” бундан икки йил олдин Хитойнинг BYD компанияси билан Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишув тузганди. Келишув натижасида, 2024 йилнинг биринчи ярмида Жиззахда BYD заводи ишга тушди. Корхонанинг 60 фоиз ҳиссаси “Ўзавтосаноат”га, 40 фоизи BYD'га тегишли бўлди. Заводда электромобил ва гибрид автомобиллар SKD усулида (йирик узелли) йиғилмоқда.
“Ўзавтосаноат”нинг Daewoo, Chevrolet, Man, Isuzu каби жаҳон брендлари билан ҳамкорлиги ички бозорнинг ташқи рақобатдан тўлиқ узилиши ва истеъмолчиларнинг танловдан маҳрум қилиниши билан якунланган. Бу сафар ҳам воқеалар ривожи худди шу йўсинда давом этаётгандек.
2023 йил 1 январдан бошлаб, импорт қилинган автомобилларни фақат ишлаб чиқарувчи корхонанинг расмий дилери томонидан сотилишига оид талаб бекор қилинган ва бу автомобил бозорида рақобат муҳитини яхшилашда муҳим қадам деб баҳоланган эди. Аммо шу йилнинг охирида бу тартиб яна қайта тикланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бунга project.gov.uz порталига идоралараро келишув учун жойланган ҳукумат қарори лойиҳаси асос бўлди. Ушбу қарор қабул қилингани ё қилинмагани номаълум, лекин апрел ойида ўнга яқин автосалонлар раҳбарлари ижтимоий тармоқларда #erkinraqobat ва #erkinraqobattarafdorimiz ҳештеглари остида очиқ мурожаатлар билан чиқиб, автомобил импорти қийинлаштирилганидан шикоят қилганди.
Бу воқеалардан олдин, қанчалик ғалати бўлмасин, BYD компанияси Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилиб, BYD автомобиллари Ўзбекистонга “тартибсиз” равишда импорт қилинаётгани, олиб кирилаётган моделлар маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мос эмаслиги, расмий кафолати ҳам йўқлигини таъкидлаб, BYD бренди остидаги электромобил ва гибрид автомобиллар импортини чеклашни сўрагани маълум бўлганди. Қатор давлат идораларига бу борада таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Июл ойининг охирида ADM Jizzakh заводи бош директори Дониёр Давлетияров Ўзбекистонга электромобиллар импорти учун бож тўловларини қайтаришни таклиф қилди. Унинг фикрича, маҳаллий бозор “ҳаддан ташқари тўйинган ва қизиб кетган”, шунинг учун жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган автомобиллар импортини тартибга солиш керак. Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобов ҳам юқоридаги таклифни “100 фоиз” қўллаб-қувватлашини билдирди.
1 ноябрдан бошлаб эса, импорт қилинган автомобиллар божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказила бошланди. Шунингдек, эндиликда якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий қилинди. Текширув нархи бензинда юрадиган автомобиллар учун 9 млн сўм, электромобиллар учун эса салкам 6,3 млн сўмни ташкил этади. Бу – чет элдан машина олиб келган фуқаролар учун қўшимча харажат ва оворагарчиликка сабаб бўляпти.
Маҳаллий BYD импорт BYD'дан қиммат
Июн ойида Жиззахдаги BYD заводи директори Шафқатбек Алимов Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD'лар четдан олиб келинадиган BYD'ларга қараганда арзон бўлишини айтганди. Албатта, Алимов келаси замонда гапирган, аниқ муддатларни айтмаган. Лекин шуниси аниқки, ўртадаги фарқ йўқолиши учун ё импорт моделлар анчага қимматлашиши, ёки маҳаллий маҳсулот нархи кескин арзонлашиши керак. Амалда воқеалар ривожи биринчи кутилма бўйича давом этяпти.
Хусусан, BYD Uzbekistan Factory заводида йиғилаётган Chazor ва Song Plus Champion моделларининг нархи хусусий тадбиркорлар Хитойдан олиб келаётган худди шу моделлар нархидан бир неча 10 млн сўмга қимматлигича қолмоқда. Ўтган вақт давомида орадаги фарқ қисқарди, лекин бу қисқариш фақат янги тўсиқлар сабабли импорт моделларнинг қимматлашиши ҳисобига бўлмоқда.
Эътиборга молик жиҳати, хусусий тадбиркорлар таклиф қилаётган автомобил нархига Хитойдан автомобилни олиб келиш, ҚҚС, утилизация, сертификатлаш ва божхона тўловлари ҳам киритилган. BYD'га эса ишлаб чиқаришни ташкил этгани учун божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан автомобил импорт қилиш имтиёзи берилган. Натижада, 2024 йилнинг дастлабки 6 ойида BYD Uzbekistan Factory 274 млрд сўмлик божхона имтиёзларидан баҳраманд бўлган. Қисқа қилиб айтганда, маҳаллий бозорда утилизация ва бошқа йиғимларни тўламасдан олиб келинаётган электромобиллар бу каби имтиёзларсиз олиб келинаётган электромобиллардан қиммат сотиляпти.
Харидорга соғлом рақобат керак
Рақобат – ишлаб чиқарувчиларда ва бутун иқтисодий занжирда самарадорликни оширади, нархларни пасайтиради, истеъмолчиларга кўпроқ танлов имкониятини яратади. Хусусий импортёрлар таклиф қилган рақобат ҳаттоки маҳаллий монопол компания UzAuto Motors'ни ҳам ўртача нарх сегментидаги машиналари учун чегирма беришга мажбур қилди. Компания Onix ва Trаcker каби моделларини бўлиб тўлашга ҳам таклиф қилиб чиқди. Буни Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаган воқеа дейиш мумкин.
KPMG Uzbekistan халқаро аудит компанияси яқинда эълон қилган ҳисоботида хорижий автомобилларни Ўзбекистонга олиб киришда двигател ҳажмига қараб, божхона тўловларининг умумий миқдори уларнинг қийматининг 70 фоизи ва ундан кўпроғига етиши мумкинлигини қайд этган.
Компания бозор ривожланишидаги тўсиқлар қаторига мураккаб сертификатлаш талаблари ва ёнилғи билан боғлиқ муаммоларни ҳам киритган. Ва бу тўсиқлар қатори борган сари кенгайиб бораётгани хавотирли.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
21:18 / 17.12.2024
Энергетика вазирлиги қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини маълум қилди
19:34 / 17.12.2024