Ўзбекистон | 20:10 / 11.12.2019
20835
6 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасида қурилиш: муаммолар ва ечим

Ўзбекистон Республикасида бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 5 февралдаги «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4160-сонли қарори ҳамда 2019 йил 20 ноябрдаги «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4525-сонли қарори мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини яхшилашда катта аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4525-сонли қарорида қурилиш учун рухсатномалар бериш, электр таъминоти тизимига уланиш, кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит бериш ҳамда тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши етарли эмаслиги натижасида «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботи тегишли индикаторлари бўйича мамлакатнинг рейтингдаги ўрни пастлигича қолаётгани қайд этиб ўтилган.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда барча соҳалар каби, қурилиш соҳасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилишига қарамасдан, уларнинг мазмун-моҳияти жойлардаги ижрочиларга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларга етиб бормаётгани, қонун ҳужжатларини амалиётда нотўғри қўллаш натижасида Ўзбекистон қурилиш соҳасида «Бизнес юритиш» («Doing Business-2020») йиллик ҳисоботида бор йўғи икки поғонага кўтарила олди (134-ўриндан

132-ўринга), ҳолбуки қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга тўлиқ ва тўғри татбиқ этилиши билан анча яхши кўрсаткичларга эришиш мумкин эди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилда устувор йўналишлар бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш, бу борадаги мақсадли параметрларни белгилаш ва таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам қурилиш соҳасида бугунги кунга қадар эски стандарт ва меъёрлар сақланиб қолаётгани, янги инновацион ечимлар ва лойиҳалар устида ишловчи мутахассислар тайёрлашга умуман эътибор қаратилмаётгани, шунингдек лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилишга рухсатномалар бериш ва келишиш жараёнлари қоғоз шаклида амалга оширилаётгани, мутасадди ташкилотларда ўзаро электрон ҳамкорлик йўлга қўйилмаганини танқид остига олган эди.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси президентининг ПҚ-4525-сон қарорида 2020 йилнинг 1 январига қадар қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан хабарнома юбориш тартибини бекор қилиш (марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно) ҳамда объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳа ҳужжатлари юзасидан ижобий экспертиза хулосаси ва қурилиш иштирокчилари тўғрисидаги маълумотни давлат хизматлари марказлари томонидан бир вақтда тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудий қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияларига объектни рўйхатдан ўтказиш учун юборишни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритиш вазифаси белгилангани бу соҳада янада кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш имкониятини яратди.

Мазкур топшириқ тўғри ва сифатли, амалиётдаги муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ижро этилиши қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, мамлакатдаги бизнес муҳитини яхшилаш (бугунги кунда қурилиш соҳасининг мамлакат иқтисодиётидаги кўлами жуда катта аҳамиятга эга), шунингдек республиканинг халқаро рейтинглардаги, шу жумладан «Doing Business» йиллик ҳисоботидаги мавқейини яхшилашга катта таъсир кўрсатади.

Шунга мувофиқ, Давлат хизматлари агентлиги томонидан қурилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини яхшилаш ва рухсат бериш тартиб-тамоилларини соддалаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф қилинади:

– шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини замонавий технология имкониятларидан ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш ва қисқа фурсатда тасдиқлаш;

– қурилиш майдонининг топографик суратини тайёрлаш, чегара белгилаш ва архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш давлат хизматларини мурожаатчиларнинг ихтиёрига кўра композит тартибда кўрсатиш тизимини жорий этиш;

– кераксиз тартиб-таомилларни (лойиҳалаш топшириғини тасдиқлаш, ишчи умумий режани тасдиқлаш ва ҳоказо) тўлиқ йўқотиш;

– лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш давлат хизматининг ўрнига, тайёр лойиҳа-смета ҳужжатларини ҳамда ижобий экспертиза хулосаларини Давлат хизматлари марказлари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳудудий қурилиш бошқармасига ҳамда қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳудудий инспекцияларга юбориш орқали қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсат бериш тартибини жорий этиш;

– лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертиза қилиш жараёнинин оптималлаштириб, ишчи лойиҳа ва экспертиза хулосаларини параллел равишда бир вақтнинг ўзида ваколатли органлар билан келишиш (талаб этилганда) тартибини амалиётга татбиқ этиш (қонунчиликда экспертиза қилиш муддати 15 кун қилиб белгиланган бўлсада, жараёнлар занжири узилгани, ҳар бир бизнес процесс кетма-кетлик асосида амалга оширилгани сабабли хизмат кўрсатиш муддати 45 кундан 64 кунгача чўзилиши мумкин);

– давлат тасарруфидаги экспертиза ташкилотлари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини ишлаб чиқиш;

– давлат хизматлари кўрсатиш бизнес жараёнини BPR технологияларидан фойдаланган ҳолда оптималлаштириш ва «G2G» моделини (давлат идораларининг ўзаро ахборот алмашинуви) ривожлантириш.

Юқоридаги чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилиши билан қурилишга рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштиришга, коррупциаген ва сансалорлик ҳолатлари олди олинишига, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнлари мавжуд 17та босқичдан 14тагача қисқаришига ва давлат хизматлари кўрсатилишининг муддатлари 240 кундан 110 кунга қисқаришига, энг муҳими «Doing Business» йиллик ҳисоботида мамлакатнинг айнан қурилишга рухсат бериш индикатори бўйича биринчи 30талик давлатлар қаторига киришига эришилади.

Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Х.Очилов

Мавзуга оид