Ўзбекистон | 18:32 / 02.12.2021
6975
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун 200 млн доллар ажратилди

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида уй-жой қурилиш кластерлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселекторда маълум қилинишича, ҳар бир ҳудудда уй-жой қурилиш кластерлари ташкил этилади.

Ушбу кластерларда:

  • лойиҳалаштириш;
  • хомашёдан тортиб, тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқариш занжири;
  • замонавий техника ва малакали мутахассислари бор қурилиш ташкилоти;
  • сифатни назорат қилиш лабораторияси бўлиши шарт.

«Мисол учун, бундай кластерлар Тошкент вилояти («Бинокор», «Евро глобал инвест») ва Навоийда («Зарафшон голден груп») ташкил этилган бўлиб, қурилиш конструкцияларининг 80 фоизини ўзи ишлаб чиқаради ва пудрат ишларини ҳам ўзи тўлиқ амалга оширади.

Натижада, 1 квадрат метр уйнинг таннархи 3,5 миллион сўм, яъни бошқа қурувчи корхоналарга нисбатан 20 фоизга арзон тушмоқда.

Вилоят ҳокимлари, уч ой муддатда бундай кластерларни ҳар бир ҳудудда ташкил этсин. Бунда, вилоят ҳокимлари, масалан, йирик цемент заводлари билан ишлаб, улар билан замонавий уй-жой қурилиш кластерлари ташкил этишлари керак.

Келгуси йилда уй-жой қурилиш кластерларини қўллаб-қувватлаш учун 150 миллион доллар ресурс жалб қилинсин», деган давлат раҳбари.

Бунинг ҳисобидан, шундай кластерларга:

  • айланма маблағ учун 10 миллиард сўмдан револьвер кредит;
  • асбоб-ускуна ва қурилиш техникаси олиб келиш учун, 2 миллион долларлик узоқ муддатли кредитлар ажратилади.

Шунингдек, замонавий асбоб-ускуна ва қурилиш техникаси олиб келиш учун, 2 йилга божхона имтиёзлари берилади.

Шу билан бирга, қурилиш ташкилотларига бундай техникаларни лизинг асосида харид қилиш имкониятларини кенгайтириш учун 50 миллион доллар ресурс ажратиш бўйича бир ҳафта муддатда таклиф киритилиши топшириқ қилинди.

«Инфратузилма харажатларини қисқартириш учун қурилиш материаллари кластерларини мавжуд хомашё ёки йирик корхоналар атрофида ташкил этиш зарур.

Бундай кластер атиги бир йил ичида Ғозғонда ташкил этилиб, самарасини кўрсатди. Ҳозирги кунда, Ўзбекистон туманида 11та цемент, гипсокартон, газоблок, темир-бетон, металл буюмлар, қуруқ қоришмалар корхоналари ишга туширилмоқда.

Уларнинг ёнида логистика, илм ва инновация марказлари, замонавий лаборатория ташкил этиб, бозорни ўрганишни бирлаштирса, экспорт ва ички бозорларда рақобатдош кластер ташкил этилади.

Янги ташкил этиладиган кластерлар инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат томонидан 200 миллион доллар ажратилди. Бунинг ёнига келгуси йилда хорижий молия бозорларидан яна 300 миллион доллар жалб қилинсин», дея таъкидлади давлат раҳбари.

Мавзуга оид