22:56 / 12.12.2019
1
5071

Давлат хизматлари агентлиги директори тизимдаги муаммоларни санаб ўтди

Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тўрахўжаев АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида давлат хизматлари кўрсатиш тизимидаги ечимини кутаётган муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар идоралараро интеграция платформасига уланмагани оқибатида улар ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилмаган. Айрим давлат органларида ҳануз идоравий маълумотлар базалари шакллантирилмагани сабабли уларни ягона давлат хизмати платформасига улашнинг имкони мавжуд эмас. Шу билан бирга, давлат хизматлари марказларида фуқаролар мурожаатларини тасдиқлашнинг (идентификация) муқобил воситалари мавжуд эмас. Марказлар орқали юборилаётган айрим мурожаатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмоқда. Бу эса марказларга қайта мурожаат қилаётган фуқаролар учун ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

«Бундан ташқари, давлат хизматлари агентлиги тизимида ISO халқаро стандартлар талаби асосида сифатни бошқариш (ISO 9001), коррупцияга қарши курашиш (ISO 37001), ахборот хавфсизлигини таъминлаш (ISO 27001) тизимлари мавжуд эмас. ISO халқаро сертификатлари ташкилотнинг бошқарув тизими, коррупцияга қарши курашиш ҳамда ахборот хавфсизлигининг таъминланганлик даражасини кўрсатувчи халқаро эътирофдир.

Бугунги кунда давлат идораларида турли дастурлаш тиллари ва стандартларда ахборот тизимлари яратилмоқда. Бу эса ўз навбатида ушбу тизимларни ягона идоралараро ҳамкорлик тизимига интеграция қилишда муаммолар юзага келтирмоқда. Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига давлат хизмати кўрсатиш жараёнини кузатиш, ходимларнинг иш самарадорлигини етарли даражада назорат қилиш имконияти мавжуд эмас», дея Халилилло Тўрахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат хизматлари агентлиги раҳбари мазкур муаммоларни бартараф этиш учун 2020-2025 йилга мўлжалланган Давлат хизматлари агентлигини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва унда 5 йилга мўлжалланган истиқболдаги режалари ва устувор йўналишлари белгилаб қўйиш, давлат хизматини кўрсатувчи органлардаги қоғоз кўринишидаги архив маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш (оцифровка) масалаларига эътиборни кучайтиришни таклиф қилди. Унинг айтишича, шунда давлат хизматларини кўрсатишга масъул бўлган барча давлат идораларининг архив маълумотларини 2025 йилга қадар босқичма-босқич рақамлаштириш талаб этилади.

«Давлат хизматлари марказларида фуқаролар мурожаатларини тасдиқлашнинг (идентификация) муқобил воситаларини жорий қилиш керак. Шунда фуқаролар ЭРИ олиши ва уни доимо ўзлари билан олиб юришга эҳтиёж қолмайди. Ходимлар ва давлат хизматлари марказлари самарадорлигини баҳолаш механизмини, ситуацион марказлар фаолиятини йўлга қўйилса, марказлардаги аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг мониторинги реал вақт режимида юритилади. Аҳоли зич жойлашган жамоат жойларида (аэропорт, вокзал, метро станциялари, савдо ва кўнгилочар мажмуалар) ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун интерфаол маълумот киоскларини ташкил этиш орқали «Йўл-йўлакай» давлат хизматларини жорий этиш аҳолига давлат хизматлари марказига ташриф буюрмасдан, куннинг исталган вақтида давлат хизматларини олиш имкониятини беради. Бепул давлат хизматларидан ташқари, маълумот киоск орқали давлат божини тўлаб онлайн тарзда пуллик давлат хизматини олиши имконияти ҳам яратилади. Бу эса, ўз навбатида, вақт сарфини камайтиради», дейди Халилилло Тўрахўжаев.

Тадбирда, шунингдек, давлат органларида ахборот тизимларини жорий қилиш ва ягона идоралараро ҳамкорлик тизимига интеграция қилиш бўйича давлат стандартлари яратилса, давлат органлари томонидан ахборот тизимлари ягона стандарт асосида яратилиши ва ушбу ахборот тизимларини идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига интеграция қилиш соддалашиши, агентлик тизимида ISO халқаро стандартлар талаби асосида сифатни бошқариш, коррупцияга қарши курашиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимлари яратилса, агентликда хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан ривожланиши, коррупциянинг олдини олиш аниқ чора-тадбирлари белгиланиши ва ахборот хавфсизлиги таъминланиши айтилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top