23:32 / 12.12.2019
0
27850

Давлат хизматлари агентлиги тизимида ишловчилар қанча ойлик олиши маълум қилинди

Халилилло Тўрахўжаев

Давлат хизматлари агентлиги тизими ходимлари 3 миллион сўмдан 8 млн сўмгача ойлик олади. Бу ҳақда агентлик раҳбари Халилилло Тўрахўжаев 12 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Агентлигимиз Адлия вазирлиги ҳузурида бўлгани сабабли вазирлик ходимларига белгиланган устамалар бизга ҳам татбиқ этилади. Аммо вазирликдан фарқли равишда биз ўзимизни ўзимиз тўлиқ таъминлаймиз.

Мана, шу кунларда 2020 йил учун давлат бюджети тасдиқланди. Адлия вазирлиги учун бюджетдан 130,3 млрд сўм ажратилган. Лекин бунинг бизга алоқаси йўқ. Чунки биз бюджетдан бир тийин ҳам олмаймиз. Тўлиқ ўзимизни ўзимиз молиялаштирамиз.

Кўпчилик давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун тўланадиган тўлов агентликка тўлиқ тушади деб ўйлайди. Масалан, эгалик ҳуқуқини белгилаш учун йиғим бор. Йиғим давлат хизматлари марказида тўланади. Дейлик, бу бир миллион сўм. Кўпчилик шунинг ҳаммасини марказлар олди деб ҳисоблайди. Аслида бу пулнинг 20 фоизигина бизга тегади. Фаолиятимизнинг асосий манбаси – шу», дея Халилилло Тўрахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда маълум қилинишича, давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағдан келиб чиқиб агентлик тизимидаги ходимларга иш ҳақи тўланади. Ҳозирги кунда туманлардаги марказларда ишловчи оддий ходим 3 млн сўмга яқин ойлик олиши очиқланди.

Нўъмон Муҳаммадиев

«Агентлик тизими ходимлари тўланадиган иш ҳақи миқдори республика миқёсида 3-8 млн сўмни ташкил этади. Бу туманлардаги оддий ходимдан юқори турувчи раҳбарларга тўланадиган ойлик», дейди Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top