ДХА директори: Салоҳиятимиз барча олий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш учун етарли
Давлат хизматлари марказлари 2020 йилда Ўзбекистоннинг барча олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагидаги абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишга тайёр. Бу ҳақда ДХА директори Халилилло Тўрахўжаев 12 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Қанча олий таълим муассасасига ҳужжат қабул қилишга рухсат берилса, шунчасини қиламиз. Бу бизга боғлиқмас. Лекин салоҳиятимиз барча олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилишга етади.
Керак бўлса, тун-у кун ишлаш режимига ўтамиз. Қабул мавсумида, яъни талаб одатдагидан бир неча баробар ортиб кетганда ўзимиз истаганча ходимларни ишга олиш ҳуқуқига эгамиз, шу масалани ўзимиз ҳал қилишимиз бўйича Молия вазирлигига тақдимнома киритдик. Яъни штатларимизни эгилувчан қилиш, заруратга қараб ўзимиз ўзгартириш киритишимизга, масалан, май-июнь ойларида қўшимча 300 нафар одамни ишга олишга рухсат берилишини сўраганмиз. Ўша пайтга бориб Молия вазирлигидан рухсат сўрасам, бизга рухсат берилгунча имтиҳон ҳам тугайди», дея Халилилло Тўрахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Тадбирда таъкидланишича, 2019 йилги қабул жараёнида давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат топширган абитуриентлар билан муаммолар кузатилмаган, бу ҳукумат даражасида ҳам эътироф этилган.
«2019 йили ҳамма олий таълим муассасаларига ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали топшириш ҳақида ҳукуматга таклиф киритдик. Лекин бизни тўла қўллаб-қувватлашмади. Фақат бешта университетга абитуриентлардан ҳужжатлар марказларимиз орқали қабул қилинишига рухсат берилди. Натижада абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида ажиотаж кузатилди, олий таълим муассасаларининг қабул комиссиялари ҳужжатларни электрон қабул қилиш бўйича тажрибага эга бўлишмагани учун қийинчиликларга дуч келишди. Ваҳоланки, шу иш бизга берилганда бундай бўлмасди деб ўйлайман, чунки бу борада анча-мунча тажрибамиз бор.
Фикримни давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжат топширган абитуриентлар билан ҳеч қандай муаммо юзага келмагани ҳам тасдиқлайди. Шахсан менга бу бўйича бирорта ҳам мурожаат келиб тушгани йўқ. Ўтган йили қабул жараёнида шов-шув кўтарилганда бу масала Вазирлар Маҳкамасида ҳам, Президент администрациясида ҳам кўриб чиқилган, ўшанда қайси институтларни деб одамлар қийналаётгани очиқча айтилган, аммо бизга нисбатан ҳеч қандай эътироз бўлмаган», дейди Халилулло Тўрахўжаев.
Тадбирда ўтган йили бешта университетга ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентлар ҳужжатларни қабул қилиш муваффақиятли кечгани учун жорий йилда Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларига ҳужжатларни давлат хизматлари марказлар орқали топшириш масаласи кўриб чиқилаётгани маълум қилинди. Давлат хизматлари агентлиги мутасаддиларининг айтишича, ҳозирча бу борада якуний қарорга келингани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда республикамизнинг ҳар бир туманида давлат хизматлари маркази ташкил этилган бўлиб, уларнинг сони 201тани ташкил этади.
Мавзуга оид
18:10 / 21.07.2024
Янги раҳбар қўл остида: Рақобат қўмитаси сезиларли фаоллашди
14:05 / 21.06.2024
Олий суд раиси ўринбосари Рақобат қўмитасига раис бўлди
18:41 / 20.06.2024
Халилилло Тўрахўжаев Рақобат қўмитасига раис бўлиши кутилмоқда — манба
11:13 / 05.02.2021