Ўзбекистон | 11:13 / 05.02.2021
13316
3 дақиқада ўқилади

Халилилло Тўрахўжаев Олий суд раисига ўринбосар бўлди

Сенат Халилилло Собиржонович Тўрахўжаевни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайлади.

Парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар  киритиш  тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 3-бандига ва «Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни 9-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ, Ҳалилилло Собиржонович Тўрахўжаевни лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига Ўзбекистон Республикаси Олий cуди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Шунингдек, мазкур қарор билан Луқмон Мухтарович Қодиров, Талъатжон Бахтиёрович Мелибоев ва Абдурасул Ғаппорович Эранов бошқа ишга ўтгани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.

Халилилло Собиржонович Тўрахўжаев 1972 йил 21 январда Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 

У 1997 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Тошкент шаҳар Ҳамза тумани судининг курьери лавозимида ишлашдан бошлаган. 

1992-2008 йиллар Ўзбекистон Республикаси суд тизимида турли лавозимларда меҳнат қилган.

2008-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти девони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси хизматининг адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, Суд тизими фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори, 2014-2017 йилларда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси, 2017 йил 12 апрелдан 12 декабрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. 

Халилилло Тўрахўжаев 2017 йилдан 2020 йилгача Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори лавозимида ишлаган.

2020 йил июндан 2021 йил январигача Ўзбекистон президентининг фармони билан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Мавзуга оид